Тошкентда ҳафта охиригача ҳаво сифати ёмонлашади
Жамият
−
20:04 554 2 дақиқа
Тошкент шаҳрида жорий ҳафта охиригача тунгги ва эрталабки пайтларда ҳаво сифати ёмонлашади. Бу ҳақда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси хабар берди.
Қайд этилишича, кеча, 6 октябрь куни кундузги соатларда Тошкент шаҳрининг катта қисмида ҳаво сифати халқаро ҳаво сифати индекси (AQI)га кўра “ўртача” даражада бўлган. Соат 20:00 дан кейин ҳаво сифати ёмонлашиб, кечаси ва эрталаб “сезгир гуруҳлар учун ноқулай” даража кенгроқ ҳудудларни қамраб олган. Айрим ҳудудларда қисқа муддатли “носоғлом” даража ҳам кузатилган. Бу Миллий стандартда “ўртача” даража ҳисобланади.
6 октябрь соат 17:00 дан 7 октябрь соат 10:00 гача мавжуд кузатувлар асосида шаҳар бўйича PM2,5 майда заррачаларининг ўртача миқдори 43,5 мкг/м³, PM10 заррачаларининг ўртача миқдори эса 97,2 мкг/м³ ни ташкил этган. Халқаро ҳаво сифати индекси (AQI) бўйича даврнинг ўртача кўрсаткичи 117 бўлиб, “сезгир гуруҳлар учун ноқулай” даражага мос келган. Миллий индексация бўйича PM2,5 нинг ўртача миқдори “яшил”, PM10 эса “сариқ” даражада қайд этилган. 7 октябрь соат 10:00 да PM10 бўйича шаҳар ўртача кўрсаткичи “зарғалдоқ” даражага кўтарилганё.
Ҳаво сифати ёмонлашишига ифлослантирувчи моддаларнинг тарқалишини чеклаган ноқулай метеорологик шароитлар таъсир қилган. Шамол тезлигининг 1 м/с атрофида бўлиши ва тунги кучли ҳарорат инверсияси ҳавонинг алмашинуви ҳамда вертикал аралашишини сусайтирган.
Вертикал кузатувларга кўра, 6 октябрь соат 23:00 дан 7 октябрь соат 08:00 гача ҳарорат инверсияси кузатилиб, инверсия қатламидаги ҳарорат фарқи 1,8–6,7 даража (кучли инверсия)ни ташкил этган. Бундай ҳолатда ерга яқин совуқ ҳаво устида нисбатан илиқ ҳаво қатлами жойлашиб, ифлослантирувчи моддаларнинг юқорига тарқалишини чеклайди.
Бу каби ҳолат ҳафта охиригача тунгги ва эрталабки муддатларда қисқа муддатли кузатилиши мумкин.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг “Атмосфера ҳавоси сифати кўрсаткичларини миллий индексациясини татбиқ қилиш ва аҳоли саломатлигига ифлосланган ҳаво таъсирини камайтириш бўйича профилактик чора-тадбирларни жорий этиш тартиби тўғрисида”ги қўшма қарори асосида Ўзбекистонда PM2,5 ва PM10 заррачалари бўйича ҳаво сифатини баҳолашнинг миллий индексация тизими ишлаб чиқилган.
Ҳозирда атмосфера ҳавоси сифати Махсус комиссия томонидан доимий мониторинг қилинмоқда.
Live
БарчасиЖиззахда 10 ёшли қиз зўрланди
06 Октябрь
Сергелидаги масжидга ўт кетди
03 Октябрь