“Тошкент-Водий” йўлининг 6 та жойида тош-тупроқ ўпирилиб тушди
Жамият
−
12 Март 2022
11174Аввалроқ, Тошкент ва Фарғона водийси вилоятларини боғлаб турувчи “Қамчиқ” довонида транспорт ҳаракати қор кўчиши хавфи сабаб тўхтатилгани ҳақида хабар берган эдик. Довон йўли ёпилиши муносабати билан Ангрен шаҳрида жойлашган “Ангрен-Ленд” ошхонасида махсус штаб иш фаолиятини бошлади. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Матбуот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, айни вақтда йўлда қолиб кетган автотранспорт ҳайдовчилари ва йўловчилар Тошкент вилоятининг Оҳангарон ва Ангрен шаҳарлари ҳамда Наманган вилоятининг Поп туманидаги мавжуд умумий овқатланиш шоҳобчаларига жойлаштирилмоқда. Улар учун зарурий шароитлар яратилган.
Шунингдек, “Тошкент-Ўш” автомобиль йўлининг “Қамчиқ” довони қисмидаги автомобиль йўлининг хавфли ҳудудлари “Қамчиқ” Махсус, қидирув, ёнғин-қутқарув бошқармаси, “Қамчиқ” қор кўчкисини кузатиш станцияси, геологик хавфли жараёнларни кузатиш “Фарғона” станцияси, “Қамчиқавтойўл” ходимлари билан ҳамкорликда ўрганиб чиқилган.
“Ўрганиш натижаларига кўра, соат тахминан 7:30 да А-373 “Тошкент-Ўш” автомобиль йўлининг 229,8 км ҳудудида, автомобиль йўлидан 80-100 метр узоқликда тоғ ёнбағирликларидан 300 минг метр/куб ҳажмда қор кўчкиси содир бўлиб, қор массалари Қамчиқсой ўзанига тушган. “Тошкент-Водий” автомобиль йўлининг 6 та жойида эса тош-тупроқ массаси ўпирилиши содир бўлиб, йўл четидаги ҳандаққа (кюветга) тушган” дейилади хабарда.
Бундан ташқари номустаҳкам тош массалари автомобиль йўлининг 251,7 км, 260 км оралиқларидаги автомобиль йўлига тушиши мумкин бўлган ҳудудлар аниқланган. Ҳозирда хавфли худудларда тош массаларини мажбурий тушириш бўйича “Қамчиқ” Махсус қидирув, ёнғин-қутқарув бошқармаси, “Қамчиқавтойўл” ҳамда Йўл-ҳаракати хавфсизлиги ходимлари билан ҳамкорликда тадбирлар амалга оширилмоқда.
“Довон йўлида содир бўлган геологик ва гидрометеорологик ходисалар оқибатида жабрланган ва жарохат олганлар йўқ. Эслатиб ўтамиз, қор қатлами йиғиладиган жойлар ҳолати мустаҳкам эмас, кўчки хавфи мавжуд”, дейилади хабарда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь