Тошкент вилоятида фуқаро икки киши ўлимига сабабчи бўлди
3-саҳифа
−
05 Ноябрь 2020
11103Тошкент вилояти ҳудудида ВAЗ ҳайдовчиси икки пиёдани уриб кетиб воқеа жойидан қочиб кетган. Бу ҳақида “25 соат” дастури хабар берди.
Жорий йилнинг 30 октябрь куни соат тахминан 22:30 ларда, Тошкент вилояти, Юқори Чирчиқ ИИБ га Чирчиқ-Янгибозор-Ўртасарой автомобиль йўлининг туман ҳудудидан ўтган қисмида номаълум автомашина 1976 йил ҳамда 1978 йилларда туғилган икки кишини уриб юборгани ҳақида хабар келиб тушган. Ҳайдовчи эса жабрланувчиларга биринчи ёрдамни кўрсатмай, ҳодиса жойидан яширинган.
Воқеа жойидан топилган шиша синиқлари ҳамда гувоҳларнинг берган кўрсатмаси бу ҳодисани ВAЗ русумли автомашина содир этганини кўрсатган. 31 октябрь куни гумонланувчи шахс ЙҲХ ходимлари томонидан аниқланган.
Воқеа содир бўлган ҳудудда яшовчи фуқароларнинг айтишига қараганда, икки дақиқа ичида кучли зарба товуши эшитилган. Бу ҳолатда улар машина зарба билан урилди, деган фикрга боришган. Лекин воқеа жойига келиб қарашганда автомобиль икки кишини уриб кетиб, автоҳалокат содир этган. Улар машинани тўхтатишга ҳаракат қилган, аммо автомобиль чироқларини ўчириб воқеа жойидан қочиб қолган. Оқибатда жабрланувчилардан бири воқеа жойида, иккинчиси шифохонада вафот этган.
“Келаётганимда қарама-қарши йўналишда, чироқлари ёнган машина ҳаракатланаётганди. Бундай ҳолда кўзларим қамашиб, ҳеч нарсани кўрмай қолдим. Буни атайлаб қилмадим”, деди ҳайдовчи.
Ҳолат юзасидан Юқори Чирчиқ ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди ҳамда 117-модданинг 3-қисм “а” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Динара Юсупова
LiveБарчаси