Тошкент вилоятида 5 млн долларга ер сотмоқчи бўлган шахслар ушланди

3-саҳифа

image

Жорий йилнинг 6 август куни Тошкент вилоятидаги ер майдонини 5 миллион АҚШ долларига сотмоқчи бўлган шахслар ушланди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, фуқаро Х.С. Тошкент вилояти ИИББга ариза билан мурожаат қилган. У аризасида ўзларини “ДАВРОН ОМАД СEРВИС” МЧЖ таъсисчилари, деб таништирган “Бегзод” ва “Даврон” исмли шахслар Бўстонлиқ туманида жойлашган ерни сотмоқчи эканини маълум қилган. 

Фуқаронинг мурожаатига кўра, юқоридаги икки шахс Бўстонлиқ тумани ҳокимининг 2016 йилдаги 626-сонли қарори билан боғ барпо этиш ва ободонлаштириш учун мазкур МЧЖга 30 йилга ижарага берилган Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани “Бўстонлиқ” ҚФЙда жойлашган 16 гектар ер майдонини 5 000 000 АҚШ долларига сотишларини айтган.

Шунингдек, фуқаро Х.С. “Бегзод” ва “Даврон” исмли шахслар олдиндан “аванс” сифатида 200 000 АҚШ доллари талаб қилаётганини билдириб, уларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Хабарга кўра, мазкур аризага асосан, ИИББга мурожаат қилинган куннинг ўзидаёқ тезкор тадбир ўтказилган. Тошкент шаҳар Юнусобод туманида Р.Г. ва Д.Ж. ариза муаллифи Х.С.дан 200 000 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Тошкент вилояти бошқармаси томонидан Р.Г. ва Д.Ж.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди ва 28/211-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

252

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг