Тошкент вилояти ҳокимлиги 453 млн сўмлик шоҳона мебеллар сотиб олди. У нега керак?

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти ҳокимлиги қарийб ярим миллиард сўмлик шоҳона мебеллар тўплами харид қилгани ҳақида хабарлар тарқалди. QALAMPIR.UZ мазкур ҳолат юзасидан вилояти ҳокимлиги матбуот хизматидан изоҳ олди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодекси ва “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонуннинг 6, 25-моддаларига асосан, вилоят ҳокимлиги моддий-техник базасини мустаҳкамлаш юзасидан вилоят ҳокимлиги ишлар бошқармаси бошқарувчиси томонидан тақдим этилган билдирги асосида вилоят маҳаллий бюджетининг захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан жорий йил 11 мартдаги 65-10-0-Ф/22-сон фармойишга асосан маблағ ажратилган. 

Аниқроғи,  вилоят ҳокимлигида юқори мартабали меҳмонлар, хорижий ҳамкорлар, инвесторларни кутиб олишга мўлжалланган, қўшимча барпо этилган конференция ва музокаралар ўтказиш залини сифатли мебел тўпламлари билан жиҳозлаш учун  453 млн 667 минг сўм йўналтирилган. 

Таъкидланишича, аслида вилоят миқёсида ўтказилган “Наврўз” умумхалқ байрами сайилларида декорация, саҳна ва бошқа жиҳозларни тайёрлаш ҳамда ўрнатиш учун ажратилган маблағ иқтисод қилиниб, юқоридаги мақсадга сарфланган. Бу очиқ платформада эълон қилинган фармойиш матнида ҳам алоҳида қайд этилган.

Шунингдек, ҳоким матбуот котиби мазкур хабарларни “барча учун очиқ манбага жойлаштирилган ҳужжатларда аниқ-тиниқ ошкор қилинган сарф-ҳаражатларга оид маълумотларга алоҳида тус бериш, уларни тахмин ва тусмол билан шарҳлашга уриниш” деб атади. 

“Мазкур мебель тўпламларини харид қилиш учун ягона етказиб берувчилар реестрига киритилмаган  тадбиркорлик тузилмаси билан тўғрида-тўғри шартнома тузилгани ҳақидаги таъкид ўринсиз бўлиб, ҳокимликлар заҳира жамғармасидан  маблағ сарфлаганда бундай тартиб назарда тутилмаган”, дейди Тошкент вилояти ҳокимлиги Матбуот ҳизмат бош мутахассиси Асқаржон Исмоилов.

Қўшимча қилинишича, биринчи чорак якунларига кўра, 70 дан ортиқ хорижий инвесторлар билан музокаралар олиб борилган ва иқтисодий имкониятларини кенгайтиришга хизмат қиладиган кўплаб келишувларга эришилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

348

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг