Тошкент ва Москва Ўзбекистоннинг ЖСТга кириши бўйича йиғилиш ўтказади
Жамият
−
27 Сентябрь 2021
8139Жорий йилнинг декабрь ойида Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши бўйича Ўзбекистон-Россия ишчи гуруҳи йиғилиши ўтказилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Россия Федерациясининг Иқтисодий ривожланиш вазирлиги хабар қилди.
Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Россия ҳукуматлараро комиссияси ҳамраислари – Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Сардор Умурзоқов ва Россиянинг Иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетников Тошкентда ўзаро ҳамкорликнинг янги устувор йўналишларини муҳокама қилишди.
“Томонлар декабрь ойида Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳ йиғилишини ўтказишга келишиб олдилар”, дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, Россия Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига кириши масаласида Тошкентга ҳар томонлама кўмак беришга тайёрлигини билдирган.
Маълумот учун, Ўзбекистон 1994 йил июнь ойида Тарифлар ва савдо бўйича келишувда кузатувчи мақомини олган, 1998 йилда эса мамлакатнинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича ишчи музокаралар гуруҳи тузилган.
2020 йил июль ойида мамлакат ҳукумати, ЖСТ ва бир қатор давлатлар вакиллари деярли 15 йиллик танаффусдан сўнг, ушбу гуруҳнинг тўртинчи йиғилишини ўтказдилар.
2019 йил июль ойида эса Ўзбекистон ЖСТга мамлакатнинг ташкилотга қўшилиш ҳақидаги аризасини кўриб чиқиш учун ташқи савдо режими тўғрисидаги янгиланган меморандумни тақдим этган. Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистон ЖСТга кириши билан иқтисодиёти ривожланаётган мамлакат имтиёзларини олиш ниятида.
LiveБарчаси