Тошкент ва марказий шаҳарларда кўчмас мулк бозорида ўсиш кузатилди

Жамият

image

Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида кўчмас мулк бозорида фаоллик ошиб, бозор яна ўз мавқеини тикламоқда, ҳудудларда сезиларли ўсиш кузатилди. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази хабар берди.

Қайд этилишича, иккиламчи уй-жой бозорида нархларнинг ўзгариши, йиллик ўсишни 6 фоизга етишини таъминлаган, натижада бозорда ижобий тенденция кузатилмоқда.

Ноябрь ойида кўчмас мулк бозори ижобий тенденция қайд этган. Олди-сотди шартномалари сони 21,9 мингтани ташкил этиб, октябрь ойига нисбатан 2,5 фоизга ошган.

Шунингдек, йиллик ҳисобда кўчмас мулк бозорида фаоллик 0,8 фоизга ўсган.

Ўтган ойда ҳудудлар кесимида рўйхатга олинган кўчмас мулк битимларида ўсиш Хоразм ва Бухоро вилоятларида мос равишда 15,6 фоиз ва 8,4 фоизни қайд этган.

Тошкент шаҳри пойтахт сифатида кўчмас мулк бозори умумий ҳажмининг 30 фоиздан ортиғини эгаллади, фаоллик 9,3 фоизга ошди. Бир ой ичида республика бўйича иккиламчи уй-жой нархлари деярли ўзгармади (0,3 фоизга ўсиш), ўтган йилга нисбатан 6,2 фоизга ўсиш қайд этилди.

Ҳудудлар кесимида иккиламчи бозор уй-жой нархлари сезиларли даражада Сурхондарё (18,1 фоиз), Бухоро (11,9 фоиз) ва Қашқадарё (10,2 фоиз) вилоятларида кўтарилган.

Иккиламчи уй-жойларнинг энг мақбул нархи Қорақалпоғистон Республикасида кузатилиб, квадрат метр учун ўртача нарх 333 долларни ташкил этган.

Тошкент шаҳрида иккиламчи уй-жойларнинг ўртача нархи ой давомида 0,2 фоизга ошиб, 1,1 минг доллардан сал кўпроқни ташкил этди.

Пойтахтнинг Бектемир (4,4 фоиз), Яшнобод (2,4 фоиз) ва Шайхонтоҳур (2,2 фоиз) туманларида нархлар сезиларли даражада ошгани қайд этилди.

Республика бўйича иккиламчи бозорда бир квадрат метр уй-жойнинг ўртача қиймати йил давомида 6,2 фоизга ошган бўлса, Тошкент шаҳрида 1,5 фоиз пасайиш кузатилган.

Ноябрь ойида Тошкент шаҳридаги ижара бозорида турғунлик қайд этилган. Бир квадрат метр учун ўртача ижара нархи 8,3 долларни ташкил этди, бу жорий йилнинг июнь ойи кўрсаткичига мос келади.

Пойтахтнинг Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида ижара нархи юқорилигича қолмоқда, бу туманларда ижара нархи бир квадрат метр учун ўртача 10-11 долларни ташкил этади.

Шу билан бирга, Тошкент шаҳрида ўртача ижара нархи ўтган йилга нисбатан 10,7 фоизга пасайди. Йил давомида нархларнинг энг катта пасайиши Учтепа (14,5 фоиз), Яшнобод (14,3 фоиз) ва Юнусобод (13,8 фоиз) туманларида қайд этилди.

Эслатиб ўтамиз, октябрь ойида Тошкентнинг 14 та марказий туманларидан 5 тасида уй-жой ижараси нархи пасайганди. Энг катта пасайиш Сергели ва Учтепа туманларида кузатилиб, бу туманларда ижара нархи ўртача 4,5 фоизга камайди. Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида ижара нархи юқорилигича қолмоқда, бу туманларда нарх бир квадрат метр учун ўртача 10-11 долларни ташкил этди.


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент кўчмас мулк бозори

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг