Тошкент ва Душанбе Тожикистонда иккита ГЭС қуради
Жамият
−
22 Июнь 2021
4568Расмий Тошкент ва Душанбе Тожикистоннинг Зарафшон дарёси ҳавзасида иккита гидроелектростанцияни биргаликда қуриш учун Очиқ акциядорлик жамиятини ташкил этмоқда.
Шартнома лойиҳасига кўра, ушбу компаниядаги тожик томонининг улуши 50 фоиз +1, ўзбек томоники эса 50 фоиз -1 та улушни ташкил этади. Келишув лойиҳаси икки давлат томонидан келишилган ва яқин вақт ичида имзоланиши кутилмоқда. Томонлар икки мамлакат ҳукуматлари номидан Жамият асосчиси вазифасини бажарувчи ташкилотни аниқлаш устида иш олиб бормоқда.
Лойиҳани техник-иқтисодий асослаш ҳамда ижтимоий ва атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш учун мустақил халқаро консалтинг компаниясини жалб қилиш режалаштирилган. Лойиҳа учун халқаро молия институтлари ёки давлат ташкилотларининг маблағларини жалб қилиш кўзда тутилган. Қурилаётган станцияларда ишлаб чиқариладиган барча электр энергияси Ўзбекистон томонидан сотиб олиниши кутилмоқда.
Аввалроқ, Ўзбекистон Энергетика вазири Алишер Султонов ушбу икки станцияни қуриш икки босқичда режаланганини айтганди. Унга кўра, дастлаб, йилига 800 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарадиган “Ёвон” ГЕС қурилади. 140 МВт қувватга эга ушбу станциянинг қурилишига кетадиган маблағ 282 миллион АҚШ долларига баҳоланмоқда.
Иккинчи босқичда, йилига ўртача 600 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарадиган “Фондарё” ГЕСни қуриш имконияти ўрганилади. 135 МВт қувватга эга ушбу станцияни қуриш учун 270 миллион АҚШ доллари ажратиш керак бўлади.
Маълумот ўрнида, Тожикистон томони республика ҳудудида бошқа давлатлар билан ҳамкорликда гидроелектр стантцияларини қуриш бўйича тажрибага эга. Хусусан, Тожикистон-Россия “Сангтуда-1” ГЕС ва Тожикистон-Ерон “Сангтуда-2” ГЕСлари қуриган ва ишламоқда.
LiveБарчаси