Тошкент учун электробуслар сотиб олинади. БМТ салкам 4 млн доллар ажратмоқда

Жамият 2142
image

Бирлашган Миллатлар Ташкилаоти Тараққиёт Дастури ва Глобал экология жамғармаси кўмагида Тошкент шаҳри учун электробуслар сотиб олинади. Бу ҳақда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги Ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, лойиҳа доирасида Тошкент шаҳри жамоат транспорти учун электробусларни харид қилиш ҳамда пилот лойиҳа тариқасида шаҳарда яшил транспорт йўлагини жорий этиш кўзда тутилган. Олти йил муддатга мўлжалланган лойиҳага донорлар БМТ Тараққиёт дастури ва Глобал экология жамғармаси томонидан 3,9 миллион доллар маблағ ажратилиши кўзда тутилган.

Қайд этилишича, лойиҳанинг жорий этилиши билан атмосфера ҳавосига чиқарилаётган зарарли моддалар миқдорининг сезиларли даражада камайтирилишига эришилади.

“Ушбу лойиҳа Тошкент шаҳри мисолида шаҳар жамоат транспортида  электротранспортдан жадал равишда фойдаланишни жорий этиш йўли билан атроф - муҳит сифатини яхшилашга йўналтирилган бўлиб, ушбу тажриба Ўзбекистон Республикасининг бошқа шаҳарларида ҳам жорий этилиши мумкин”, дейилади хабарда.

Лойиҳа Бирлашган миллатлар ташкилоти Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Тошшаҳартрансхизмат” АЖ ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда амалга оширилади.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 48
Рейтинг: 3
Теглар
t
×