Тошкент трактор заводи бузилиб, ўрнида боғ қурилади
Жамият
−
20 Ноябрь 2021
15397Тошкент шаҳрида жойлашган қишлоқ хўжалиги машинасозлиги корхоналари Чирчиқ шаҳрида ташкил қилинаётган қишлоқ хўжалиги машинасозлик кластерига кўчирилади. Бўшатилган ер участкалари ва бинолар кимошди савдосига қўйилиб, ҳудуднинг бир қисмида яшил боғ барпо этиш режалаштирилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев имзолаган қарорда келтирилган.
Қарорга кўра, “Toshkent qishloq xo‘jaligi texnikasi zavodi” АЖ, “Agregat zavodi” АЖ, “Texnolog” АЖ, “ Texnolog-Stan” МЧЖ, “ Agrosanoatmashinvest” МЧЖлар ишлаб чиқариш қувватларининг бир қисми Чирчиқ шаҳридаги “Chirchiq qishloq xo‘jaligi texnikasi zavodi” АЖ ҳудудига кўчирилади ва қишлоқ хўжалиги машинасозлик кластери ташкил этилади.
Шунингдек, юқорида номлари саналган корхоналарнинг устав капиталларидаги давлат улушларини номинал қийматда ўтказиш ҳисобига “Toshkent traktor zavodi” МЧЖ ташкил қилинади ва уч ой муддатда мазкур корхоналар “ТТZ” МЧЖга қўшиб юборилади.
Корхоналарга тегишли бўшаётган ер майдонлари Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан онлайн-ауцион савдолари орқали сотилиши белгиланган. Бунда, мазкур агентлик Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда бир ой муддатда “Toshkent qishloq xo‘jaligi texnikasi zavodi” (илгариги “ТТZ”) АЖнинг бўшаётган ер майдонларидан унумли фойдаланиш, жумладан унинг бир қисмида аҳоли сайил қилишига мўлжалланган яшил жамоат паркини яратиш бўйича Ҳукуматга таклиф киритади.
Маълумот учун, Тошкент шаҳрида жами 22 та истироҳат боғи, шунингдек, 15 та дам олиш зонаси мавжуд. 2022 йил охирига қадар шаҳарда 12 та янги боғ ва 25 та яшил ҳудуд яратиш режалаштирилган.
LiveБарчаси