Тошкент метросининг ёпилган йўналиши қачон қайта очилиши айтилди
Жамият
−
13 Октябрь 4384
Жорий йилнинг 2 август куни Тошкент метрополитенида профилактик ишларни амалга ошириш мақсадида 14 та бекатдан иборат “Технопарк – Қипчоқ” бекатлари оралиғида поездлар ҳаракати вақтинча тўхтатилган эди. Ушбу йўналиш жорий йилнинг 1 ноябрь санасидан ишга тушиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Тошкент метрополитенининг матбуот хизмати хабар берди.
Билдирилишича, “Ерусти ҳалқа йўли” йўналишида олиб борилган профилактика ишлари доирасида текширувлар ўтказилиб, аниқланган камчиликлар, жумладан, йўл ҳолатлари, носоз шпаллар, дренаж тизимидаги муаммолар бартараф этилган.
Аввалроқ ушбу йўналиш тахминан 18 октябрда ишга туширилиши мумкинлиги айтилган эди. Бироқ ҳозирча поездлар йўловчиларсиз синов тариқасида ҳаракатланмоқда. Ҳаракат тезлиги икки баробар оширилиши ва оралиқ интерваллар қисқартирилиши сабаб йўналишнинг тўлиқ очилиши 1 ноябрь атрофида режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 19 май куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга тақдим этилган Тошкент метрополитенини ривожлантириш бўйича режадаги лойиҳаларга кўра, Тошкент метрополитени линиясини Тошкент трактор заводи даҳасигача олиб бориш режалаштирилган эди.
Бунёд Келдибоев