Тошкент кинофестивалидаги жанжал Туркияда кун тартибига чиқди: Қаҳрамонлар изоҳ берди

Маданият-санъат

image

Тошкент кинофестивалидаги жанжал қаҳрамонлари турк ОАВга интервью берди

Тошкентда бўлиб ўтган халқаро кинофестивал 18 сентябрь куни ўз якунига етган бўлса-да, тадбирдаги машмашаларга ҳамон нуқта қўйилмаяпти. Энди бу можаро Туркия ОАВ учун кун мавзусига айланди.

Аввал хабар берганимиздек, Тошкентда ўтган “Ипак йўли дурдонаси” XIV халқаро кинофестивали доирасида ташкил этилган турк кино кунларига бағишланган ижодий кечада туркиялик актёрлар ўртасида жанжал содир бўлганди. Актриса Нургул Яшилчой ва актёр Бурак Ўзчивит саҳнадан жой олган тўққиз нафар ҳамкасблари билан бир даврада ўтиришни истамаган. Тадбирнинг иккинчи қисмида Нургул Яшилчой саҳнада кўриниш бериши ортидан турк актёри Сардор Кўкхон микрофон орқали бу ҳолатга ўз норозилигини билдирган, у ҳам Нургул бор саҳнада қололмаслигини, Нургул ва Бурак ҳамкасбларига ҳурматсизлик қилиб, улар билан бир даврада ўтиришни ўзига эп кўрмаганини айтган. Оқибатда тадбир бўлинган ва бир гуруҳ турк актёрлари Туркия элчихонаси вакиллари билан маросимни тарк этган эди.

Бу воқеалар турк ОАВ назарига тушганидан сўнг, Туркиянинг ТV8 каналидаги 2-саҳифа кўрсатуви бошловчилари жонли эфир вақтида Сардор Кўкхон билан телефон орқали боғланган. Тажрибали турк актёрининг жавобларидан у ҳамон жаҳл отидан тушмаганини англаш мумкин.

“Биз Туркия маданият соҳаси вакиллари сифатида борган тадбиримизда у иккиси ёнимизда ўтиришни исташмади. Ташкилотчилар саҳнага барчамизни таклиф қилишди. Бу икки дўстимиз эса ёнимизга ўтиришлари керак эди. Биз эса саҳна ортидан “Бормайман, чиқмайман”, деган овозларни эшитдик”, деган актёр.

Кўрсатув бошловчисининг “балки у сўзларни бошқа одам айтгандир” деган шубҳали саволи Сардор Кўкхонни янада тутақтириб юборган.

“У ерда туркча гапирадиган яна ким бор эди? Бурак билан Нургулдан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Бурак икки қовоғини чимиргани билан актёр бўлиб қолмайди, у аввал актёрлик касбини ўргансин. Туркиянинг тарихий фильмида роль ўйнаб, қардош мамлакатга пулга бориш бу қандай турклик? Бурак пул олганини аниқ билмайман, лекин у текинга қадам ташламайди. Мени у билан бир тукчалик ишим йўқ. Орамизда олдин ҳеч нарса бўлмаган”, деган актёр.

Сардор Кўкхоннинг ушбу чиқишидан кейин Нургул Яшилчой Истанбул шаҳрида театр спектаклига меҳмон бўлиб борган ва туркиялик мухбирлар актрисадан Тошкентдаги кинофестиваль ҳақида сўрашган. Нургул фестиваль жуда чиройли ўтгани, ўзбек халқи уларни илиқ кутиб олгани ҳақида айтиб гапини тугатмасидан Сардор Кўкхон айтган сўзларга муносабат сўралган.

“Мен улар тайёрлаган дастурдан ташқарига чиқмадим. Ташкилий ишларда муаммо бор эди. Ҳар доим содир бўлиши мумкин бўлган нарсалар. Мен шундай қилишим мумкинмиди? Сардорбей бизнинг бошимиздаги тожимиз. Ким уни хафа қилса қаршисида мени кўради”, деган Яшилчой.

Тошкентда бўлиб ўтган кечада Бурак Ўзчивит билан саҳнага чиққан актёр Алишер Узоқов ҳам ўзининг Instagram саҳифасида бўлиб ўтган воқеаларга видео-муносабат билдирган.

“Ўзи Бурак келади, Бурак билан кўришасиз дейишганидаёқ унинг характери оғирлигини айтган эдим. Ўша кечада Бурак билан Нургул саҳнага чиқиши керак эди, лекин улар саҳнага чиқмаймиз дейишди. Майли балки уларни саҳна ортида муаммолари бордир, лекин ана шу муаммолар саҳна ортида қолиб кетиши керак. Нургул Яшилчой ҳам жуда осмонда экан. Бу борада Буракдан ҳам ўтиб тушаркан. Кейин биз Бурак Ўзчивит билан саҳнага чиқдик. Қанақа актёр, қанақа юлдуз бўлишдан қатъий назар барибир яхши инсон бўлиш керак, ўзидан катталарни ҳурмат қилиш керак. Тўғри улар машҳур актёр лекин яхши инсон бўлса, менинг уларга ҳурматим бошқача бўлади. Саҳнада Буракни ёнида қўлимни чўнтагимга тиқиб турганимни ҳам танқид қилишибди, бу уларга ҳали кам. Ўзимизни актёр-актрисаларимизни қадрига етмас эканмиз бизни қадримизга ҳеч ким етмайди. Эртага кимдир келадида мана шунақа ишлар қилиб кетаверади. Тўғри биз уларни даражасида эмасдирмиз, лекин ана шу юқори даражага чиқишимиз учун олдин бир-биримизни қадрлашимиз керак”, дейди у

Эслатиб ўтамиз, турк актёрларининг Тошкентдаги фестивалда кўрсатган хурмача қилиқлари учун Туркия Маданият ва туризм вазири ўринбосари Аҳмет Мисбаҳ Демиржан “тадбирга ташриф буюрган” томошабинлардан расман узр сўраган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

1713

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made