Тошкент Ботаника боғида Ёшлар ва талабалар форуми бўлиб ўтади

Жамият

image

29 июндан 30 июнга қадар “Учинчи ренессанс бунёдкорлиги” шиори остида Тошкентда пойтахт ҳокимлиги томонидан ташкил этилаётган Ўзбекистон Ёшлар ва талабалар форуми бўлиб ўтади.  

Тадбир Ўзбекистонда Президент Ш.М.Мирзиёев ташаббуси билан 2017 йилдан буён нишонланаётган Ёшлар куни ва бундан ташқари 2021 йил Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили деб эълон қилиниши муносабати билан ўтказилади. 

Ўзбекистон ёшлар ва талабалар форуми доирасидаги тадбирлар Тошкент ботаника боғида, икки кун давомида барча санитария талабларига риоя қилган ҳолда 29 ва 30 июнь кунлари бўлиб ўтади. 

Форумнинг асосий мақсади – ташаббускор ва истеъдодли ёшларни аниқлаш, уларга ўз қобилият ва кўникмаларини намоён этиш, ёш авлоднинг илм-фан, санъат, маданият ва спортга бўлган қизиқишини ошириш, талабалар ва битирувчиларга жамиятда муносиб ўринларини топишга ёрдам беришдан иборат. 

Тадбирга 16 ёшдан 30 ёшгача бўлган 7 мингга яқин ёшларни жалб қилиш режалаштирилмоқда. 29 июндаги Форумда қатнашиш учун рўйхатдан ўтиш @Yoshlar_forumi_bot телеграм-боти орқали амалга оширилади.

Форумда бир қатор тадбирларни ташкил қилиш кўзда тутилган. Жумладан, махсус павилионларда ёшларнинг мазмунли ҳордиқ чиқаришини ташкил этиш, уларнинг иқтидори ва қобилиятларини юзага чиқаришга йўналтирилган “Тафаккур синовлари” интеллектуал тадбир ва танловлари ўтказилади. 

“Нима? Қаерда? Қачон?”, “Мнемоника”, “Ментал арифметика”, “Шахмат”, “Кубик-Рубик” интеллектуал танловлари бўлиб ўтади.

Aниқ фанларни чуқур биладиган, хотираси кучли ёшлар ўртасида сунъий интеллект соҳасидаги мусобақалар, ёш олимлар, маркетологлар билан учрашувлар, “Marketing.uz”, “Design Club Uzbekistan”, “Modul 5”, “Бизнесга Қадам” ва шу каби истиқболли лойиҳалар тақдимотлари ўтказилади.

Махсус майдонларда маҳорат дарслари, илм-фан, спорт ва тадбиркорлик соҳасида юқори натижаларга эришган, ёш авлодга ўрнак бўлиб келаётган инсонлар билан учрашувлар ташкил қилинади.

“Яшил ташаббус” кампаниясида ёшлар атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган тадбирларда қатнашадилар ва акцияни бутун республика бўйлаб тарғиб қилишга ҳаракат қиладилар.

Форум доирасида Ёшлар симфоник оркестри консерти ҳам ташкиллаштирилади. 

Форум доирасидаги тадбир ва танловлар Тошкент шаҳар ҳокимияти, Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон шахмат федерацияси, Ёшлар ишлари агентлиги, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги, Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги, Маданият вазирлиги, Молия вазирлиги, АКТ вазирлиги, АОКА, Ёзувчилар уюшмаси, Кинематография агентлиги, Фанлар академияси, ЭОАВМА, МТРК ва бошқа ташкилотлар кўмагида ташкил қилинади.

Ўзбекистон Ёшлар ва талабалар форум якунида таниқли эстрада хонандалари, DJ’лар ва шоу-бизнес вакиллари иштирокида катта гала-концерт бўлиб ўтади.

Форум доирасидаги барча тадбирлар очиқ ҳавода, карантин меъёрларига риоя қилган ҳолда ўтказилади.


29 июнь – тадбирга @Yoshlar_forumi_bot орқали рўйхатдан ўтганлар киритилади, 30 июнь – таклифнома асосида кирилади.
 

Ёшлар ишлари агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси матбуот хизмати


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

50

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг