Тошкент ҳокимлиги ходими ва Кадастрлар палатаси филиали раҳбари ноқонуний ер сотаётганда ушланди

3-саҳифа

image

Тошкент шаҳри, Самарқанд, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида давлатга тегишли бўлган ерни ноқонуний сотмоқчи бўлган шахслар ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги “Муниципал активларни бошқариш маркази” ДУК ходими ўзининг 3 нафар жиноий шериги билан келишган ҳолда, Тошкент ҳалқа автомобиль йўли бўйида жойлашган ва Тошкент тумани ҳокимлиги захирасида бўлган 30 сотих ер майдонини кўп қаватли турар-жой барпо этиш учун сотмоқчи бўлган. У ерни юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали ажратиб беришини ваъда қилиб, эвазига қурилиш фирмаси раҳбаридан 420 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Улар сўралган пул маблағидан 42 минг долларни аванс сифатида олган вақтларида Давлат хавфсизлик хизмати ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ушланди.

Самарқанд вилоятида кузатилган ҳолатда эса Ургут туманида яшовчи, 1997 ва 1998 йилда туғилган 2 нафар фуқаро ўзганинг номида бўлган фермер хўжалигига тегишли 50 сотих сувли ер майдонини фирибгарлик йўли билан харидорга 65 минг долларига сотишга келишиб, олдиндан 30 минг доллар олган вақтларида ДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бошқармалари ходимлари томонидан ушланган. 

Жомбой туманида яшовчи, 1999 йилда туғилган шахс ҳам Давлат кадастрлар палатасининг мазкур тумандаги филиали ходими билан келишган ҳолда, ҳокимлик захирасида бўлган 25 сотих бўш ер майдонини харидор номига расмийлаштириб бериш эвазига 24 минг доллар олган вақтида ушланган.

Давлат кадастрлар палатасининг Жиззах вилоятидаги туман филиалларидан бирининг раҳбари маҳаллий фуқаронинг яшаш хонадони ёнида жойлашган 38 сотих ер майдонини аукцион орқали сотиб олишда кўмаклашиш ва кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб бериш эвазига ундан 6,5 минг доллар миқдорида пора талаб қилади. 

ДХХ ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг ҳудудий бошқармалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда мазкур мансабдор шахс сўралган пул маблағидан 6 минг долларни олган вақтида ушланган.

Сирдарё туманида яшовчи, 1992 йилда туғилган фуқаро ҳам ўзганинг ишончига кириб, Гулистон тумани ҳокимлиги захирасида бўлган 6 сотих ер майдонини кадастр тизимидаги танишлари орқали унинг номига расмийлаштириб бериш эвазига 4 минг доллар олган вақтида ДХХ ва ИЖҚК департаменти ходимлари томонидан ушланди. 

Хабарга кўра, мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

230

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг