Тошкент ҳавосини яхшилаш учун янги чоралар жорий этилади
Жамият
−
27 Октябрь 4822 2 дақиқа
Тошкент шаҳри ва вилоятида ҳаво ифлосланишини камайтиришга қаратилган комплекс чоралар жорий этилади. Бу бўйича Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ҳаво ифлосланишининг олдини олиш ва иқлим ўзгаришининг оқибатларини юмшатиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар” ҳақидаги қарор лойиҳасини ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига тақдим этди.
Лойиҳа саноат корхоналари ва иссиқхона хўжаликларидан чиқаётган ифлос моддалар даражасини ҳал этишга қаратилган. Ҳужжат атмосферага салбий таъсирни камайтириш ва корхоналарнинг экологик жиҳатдан тоза технологияларга босқичма-босқич ўтишини таъминлашга қаратилган комплекс чоралар тизимини кўзда тутади.
Хусусан, қуйидаги чора-тадбирлар режалаштирилган:
- Ҳудуддаги саноат корхоналари ва иссиқхоналарда чанг ва газ тозалаш ускуналарини ўрнатиш;
- иссиқхоналарда мавжуд қозонларни замонавий энергия самарадор ва экологик тоза тизимлар билан алмаштириш;
- иссиқхона ва саноат объектларини кўмирни ишлатмасдан, бошқа муқобил энергия манбаларига ўтказиш;
Корхоналарга ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, ташламаларни тозалаш тизимларини, маҳаллий тозалаш иншоотларини, автоматик ҳаво мониторинги станцияларини ўрнатиш учун молиявий рағбатлар тақдим этиш, шу жумладан, грант механизмлари ёрдамида.
Таъкидланишича, ушбу чора-тадбирлар ифлослантирувчи моддалар чиқарилишини сезиларли даражада камайтиришга, экологик хавфсизликни оширишга ҳамда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти аҳолиси учун янада қулай яшаш шароитларини яратишга ёрдам беради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентнинг Яккасарой туманида 144 туп дарахт мораторий талабларига зид равишда кесиб ташланганди.
Live
Барчаси