“Тонировка”дан тортиб, контрактгача... 1 октябрдан давлат ва жамиятда нималар ўзгаради? 

Фойдали

image

Саноқли кунлардан кейин 2021 йилнинг ўнинчи ойини ҳам қарши оламиз. Галдаги ойнинг биринчи санаси ҳам ўзи билан қонунчиликдаги бир қатор ўзгаришларни етаклаб келмоқда. Булар орасида автомобиллар ойнасининг тусини ўзгартиришдан тортиб, ишга жойлашиш борасидаги янгиликлар ҳам бор. Қуйида 1 октябрдан кутилаётган ўзгаришларни эсга оламиз. 

“Тонировка”га рухсатнома бериш бўйича давлат хизмати фақат my.gov.uz орқали кўрсатилади

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан жорий йилнинг 28 июль куни 465-сонли “Туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали автотранспорт воситаларидан фойдаланиш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2021 йил 1 октябрдан автотранспортлар ойналарининг тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсатнома бериш бўйича давлат хизмати фақат Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали кўрсатилади.

Шунингдек, Қарор билан тасдиқланган маъмурий регламентга кўра, автотранспортлар ойналарининг тусини ўзгартириш (қорайтириш) ишлари автотранспорт воситаси эгаси томонидан мустақил равишда амалга оширилади.

Бундан ташқари, автотранспорт орқа ойнасининг тусини ёруғлик ўтказувчанлиги чекланмаган даражада ўзгартириш (қорайтириш), шунингдек, олд ойнасининг тепа қисми тусини 14 см дан кўп бўлмаган полоса шаклида ёруғлик ўтказувчанлиги чекланмаган даражада ўзгартириш (қорайтириш) учун рухсатнома талаб этилмайди.

Маълумот учун, рухсатнома 1 йил муддатга берилади. Ариза берувчи томонидан рухсатнома учун тўлов 10 кун муддатда амалга оширилади. Жумладан, рухсатнома аввал берилган рухсатноманинг амал қилиш муддатигача қайта расмийлаштирилади. ЯИДХП орқали рухсатномани қайта расмийлаштириш бўйича давлат хизмати кўрсатилгани учун тўлов ундирилмайди.

Республиканинг барча туман (шаҳар)ларида юридик хизмат кўрсатиш марказлари ташкил этилади

“Давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2021 йил 1 октябрдан ҳудудий адлия бошқармалари ҳузурида юридик хизмат кўрсатиш марказлари (Марказлар) республиканинг барча туман (шаҳар)ларида ташкил этилади.

Шунга кўра, давлат бюджетидан молиялаштириладиган айрим давлат ташкилотларининг туман (шаҳар) бўлинмаларида 2021 йил 1 октябрдан жами 1 182 та юридик хизматлар штат бирликлари қисқартирилади.

Жумладан, бўшатилаётган штат бирликлари ҳисобидан Марказлар фаолиятини ташкил этиш учун 1 056 та штат бирликлари ажратилади.

Шунингдек, 2021 йил 1 октябрдан давлат ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш билан боғлиқ барча маълумот ва жараёнларни тўлиқ электрон равишда йиғиш, қайта ишлаш, таҳлил қилиш ва амалга ошириш имконини берувчи “E-huquqshunos” электрон тизими босқичма-босқич жорий этилади. Марказлар томонидан давлат ташкилотларига юридик хизматлар ушбу электрон тизим орқали амалга оширилади.

Марказлар ходими сифатида камида 3 йил меҳнат стажига эга бўлган шахс:

•    лицензия олиш учун адвокат мақомига эга бўлишга талабгор шахс сифатида адвокатлик тузилмасида стажировкадан ўтмасдан малака имтиҳонида иштирок этиш;
•    нотариал идорада 6 ой муддат стажировка ўтаб малака имтиҳонини топшириш ҳуқуқига эга бўлади.

Марказларнинг қонуний фаолиятига бирон-бир тарзда аралашиш ва тўғридан-тўғри ёки билвосита таъсир ўтказиш қатъиян тақиқланади. Шунингдек, Қарорга кўра, Марказлар томонидан юридик хизмат кўрсатилиши белгиланган ташкилотларнинг Марказлар билан келишилмаган ҳолда юридик тусдаги ҳужжатлар қабул қилишига йўл қўйилмайди.

Малумот учун, Марказлар бошқа юридик шахсларга пуллик асосда юридик хизматлар кўрсатиши мумкин.

Давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари онлайн очиқ танлов асосида ишга қабул қилинади

“Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарорига биноан 2021 йил 1 октябрдан барча давлат органлари ва ташкилотлари, вилоят ҳокимликларида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти йўлга қўйилади. 

Бундан ташқари, 2021 йил 1 октябргача давлат маблағлари ҳисобига қурилиш-пудрат шартномаси учун ўтказиладиган танловлар “Шаффоф қурилиш” тизими маълумот алмашинувини таъминлаган ҳолда давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталида электрон тарзда амалга оширилади.

Шунингдек, 2021 йил 1 октябргача коррупция, манфаатлар тўқнашуви асосида тузилган шартномаларни ҳақиқий эмас деб топиш, давлат хизматчилари томонидан тадбиркорликда қатнашиши ҳуқуқий оқибатларини белгиловчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш тартиблари такомиллаштирилади

Вазирлар Маҳкамасининг жорий йилнинг 17 сентябрь куни қабул қилинган 579-сонли “Шаҳарсозлик ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш тартиботларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори билан 2021 йил 1 октябридан шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизасини амалга оширишда:

•    шаҳарсозлик ҳужжатлари “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими орқали кўриб чиқилади;

•    давлат маблағлари, давлат кафолатига олинган ташқи инвестиция маблағлари ҳисобига амалга ошириладиган ишларнинг лойиҳа ҳужжатлари “Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси” ДУК ёки унинг ҳудудий филиаллари томонидан кўриб чиқилади; 

•    бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган объектлар лойиҳа ҳужжатлари аккредитация қилинган юридик шахслар, “Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси” ДУК ёки унинг ҳудудий филиаллари томонидан кўриб чиқилади;

•    ижобий экспертиза хулосалари “Экспертиза хулосаларининг ягона реестри”га киритилган тақдирда ҳақиқий деб тан олинади;


•    экспертизадан ўтказганлик учун хизматлар ҳақини табақалаштирилган тартибда ҳисоблаш тизими жорий этилади;

•    лойиҳа ҳужжатларини кўриб чиқувчи эксперт – мутахассисларни аттестациядан ўтказиш ва уларни сертификатлаш тизими йўлга қўйилади.


Низомга мувофиқ, қуйидаги объектларнинг лойиҳа ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш мажбурий эмас:

•    мавсумий ишлар учун вақтинча ва маиший бинолар;

•    300 куб метрдан ортиқ бўлмаган алоҳида қурилаётган кичик ҳажмдаги объектлар;

•    икки қаватдан юқори бўлмаган (цоколни ҳисобга олмаган ҳолда) баландлиги ер юзидан 12 метрдан ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлмаган якка тартибдаги уй-жойлар;

•    жорий таъмирланадиган бинолар, иншоотлар.  

Электрон агросаноат бозори портали ташкил этилади

Жорий йилнинг 17 сентябрь куни Вазирлар Маҳкамасининг 574-сонли “Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари йўқотишларини қисқартиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. 

Қарорга кўра, жорий йилнинг 1 октябридан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги “Агросаноатни рақамлаштириш маркази” давлат муассасасида Электрон агросаноат бозори портали ташкил этилади.

Электрон портал 2021 йил 1 октябрдан 1 декабргача “тест режими”да ишлайди ва 2022 йил 1 январдан тўлиқ ишга туширилади.

Шунингдек, Электрон порталда:

•    ички бозорни асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш даражаси доимий баҳоланади;

•    хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида онлайн режимда кооперация алоқалари йўлга қўйилиб, электрон савдолар ташкил этилади.  
 
Бундан ташқари, Қарорга кўра, “E-AUKSION” электрон савдо платформаси орқали ажратилган давлат мулки ҳисобланган ер участкалари ва бино-иншоотлар қиймати тадбиркорлар томонидан, истисно тариқасида, савдо ўтказилган санадан бошлаб бир йил давомида тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлаш механизми жорий қилинади.

ЯТТ томонидан солиқ ҳисоботини топшириш мажбурияти бекор қилинади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 15 сентябрдаги ПФ-6314-сонли “Тадбиркорлик субъектлари учун маъмурий ва солиқ юкини янада камайтириш, бизнеснинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра, 2021 йил 1 октябрдан қуйидагилар бекор қилинади:

•    қатъий белгиланган миқдордаги жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўловчиси бўлган ЯТТ томонидан солиқ органларига солиқ ҳисоботини топшириш мажбурияти;

•    алоҳида тайёр импорт истеъмол товарларининг божхона декларацияси расмийлаштирилган санадан кейин 12 ой ўтгач сотувга қўйилиши ҳамда чакана савдода реализация қилинишига қўйилган тақиқ.


Шунингдек, 2021 йил 1 октябрдан тегишли давлат органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг назорат функциялари бекор қилинади.

“Масофавий электрон декларациялаш” божхона постлари ташкил этилади

2021 йил 10 сентябрь куни “Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва давлат божхона хизмати органлари ташкилий тузилмасини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинди. 

Фармон билан 2021 йил 1 октябрдан Тошкент, Сирдарё, Қашқадарё ва Хоразм вилоятларининг божхона бошқармаларида тоифадан ташқари мақомга эга бўлган “Масофавий электрон декларациялаш” божхона постлари босқичма-босқич ташкил этилади.

Жумладан, 2021 йил 1 октябрдан “Масофавий электрон декларациялаш” постлари ташқи иқтисодий фаолият (ТИФ) иштирокчиларининг электрон божхона юк декларацияларини масофавий расмийлаштиради.

Экспортёр корхоналарга 5 миллион АҚШ долларигача бир марталик молиявий ресурслар тақдим этилади

“Экспортчи корхоналарни рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинди. 

Фармонга кўра, 2021 йил 1 октябрдан:

•    Йиллик экспорт ҳажми 20 миллион АҚШ долларидан ошган корхоналарга экспорт савдо операциялари ва экспортолди молиялаштириш кредитлари учун бир марталик молиявий ресурслар 5 миллион АҚШ долларигача миқдорда, бир йилгача муддатга тақдим этилади;

•    Охирги 12 ой давомида 1 миллион АҚШ долларидан ортиқ тайёр тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилган корхоналарга асосий ва ёрдамчи ишлаб чиқариши учун бутловчи буюмлар, хомашё ва материаллар олиб киришда божхона тўловларини тўлаш бўйича фоиз ҳисобланмаган ҳамда уларнинг тўланишини таъминлаш талаб этилмаган ҳолда 120 кунга кечиктириш имконияти берилади.

Шунингдек, 2021 йил 1 октябрдан юқори сифат ва назорат тизимига эга мамлакатлардан сертификатланган ва декларацияланган асбоб-ускуна, бутловчи қисмлар, хомашё, ўлчов воситалари, кимёвий реагентлар, кўтариш мосламалари ва транспорт воситалари импортида миллий сертификат олиш талаби бекор қилинади.

Цемент ишлаб чиқарувчилар учун фойда солиғи ставкаси пасайтирилади

2021 йил 31 август куни  Ўзбекистон Республикаси Президенти “Қурилиш материаллари саноатини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Қарорга кўра 2021 йил 1 октябрдан цемент (клинкер) ишлаб чиқарувчилар учун фойда солиғининг ставкаси 20 фоиздан 15 фоизгача пасайтирилади.

Фуқаролар иштирокида аудит ўтказиш тизими жорий этилади

2021 йил 27 август куни қабул қилинган “Давлат молиявий назорати тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармонига кўра, 2021 йил 1 октябрдан Ҳисоб палатаси, Молия вазирлиги ва ички аудит хизматлари ҳар чоракда ОАВ вакиллари иштирокида жамоатчиликка ўз ҳисоботларни эълон қилиб боради.

Ёшларга энг яхши лойиҳалар учун 49 миллион сўмгача грант маблағлари берилади

2021 йил 1 октябрдан ёшларнинг “Бизнесга биринчи қадам” стартап ғоялари танловлари ташкил этилади ҳамда ҳар бир туман ва шаҳарда камида уч нафардан ғолибга грантлар бериш амалиёти жорий этилади. Энг яхши лойиҳаларнинг ҳар бири учун БҲМнинг 200 бараваригача грант маблағлари берилади.

Шунингдек, 2021 йил 1 октябрдан ҳар йили “Болалар ва ёшлар учун энг яхши китоб” танлови ташкил этилади.

•    Танловда ғолиб деб топилган муаллифларга:
•    биринчи ўрин учун – 100 миллион сўм;
•    иккинчи ўрин учун – 75 миллион сўм;
•    учинчи ўрин учун – 50 миллион сўм мукофот маблағлари ажратилади.

Кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси жорий этилади

2021 йил 11 август куни “Кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш ҳамда камбағаллик билан курашиш кўламини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинди. 

Ушбу Фармонга кўра 2021 йил 1 октябрдан “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали кам таъминланган деб эътироф этилган оилалар ва шахслар тўғрисидаги маълумотлар манфаатдор вазирлик ва идораларга “Электрон ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали тақдим этилади. 

ҚҚСнинг салбий суммасини қоплаш учун солиқ органларига ариза билан мурожаат қилиш талаби бекор қилинади

2021 йил 24 август куни “Қўшилган қиймат солиғи маъмуриятчилигини такомиллаштириш тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2021 йил 1 октябрдан экспорт қилинадиган товарлар учун ишлатилган, ҳақиқатда олинган товарлар (хизматлар) бўйича тўланиши лозим бўлган (тўланган) ҚҚС суммаси солиқ тўловчининг Ўзбекистондаги банк ҳисобварағига чет эл валютаси тушуми келиб тушишидан қатъи назар ҳиcобга олинади.  

Ушбу имконият интизомли солиқ тўловчиларга (охирги бир йил давомида валюта тушумларини ўз вақтида таъминлаб келаётган ва экспорт шартномалари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлиги бўлмаган) татбиқ этилади.

Товарлар “экспорт” божхона режими остида чиқарилган кундан эътиборан 180 кун ичида валюта тушуми ёки унинг бир қисми экспорт қилувчининг Ўзбекистон тижорат банкларидаги ҳисобварағига келиб тушмаган тақдирда, ҚҚСнинг ҳисобга олинган суммаси ёки унинг тегишли қисми белгиланган тартибда ҳисобдан чиқарилади.

46 та туғуруқ бўлимлари негизида туманлараро перинатал марказлар ташкил этилади

“Соғлиқни сақлаш соҳасида ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–5199-сонли Президент қарорига кўра, 2021 йил 1 октябрдан тегишли давлат тиббиёт муассасаларида (14 та) имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга квота асосида ордер бериш тартиби бекор қилинади ва молиялаштиришнинг янги механизми асосида уларни ҳисобга олиш ва навбат асосида даволанишга йўллашнинг электрон ахборот тизими жорий этилади.

Айрим инвестиция лойиҳалари  Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади

2021 йил 21 август куни қабул қилинган “Инвестиция лойиҳаларини ташқи инфратузилма билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарорига кўра, 2021 йил 1 октябрдан инвесторнинг қиймати 200 миллиард сўмдан ошадиган, унинг ўз маблағлари улуши 25 фоиздан кам бўлмаган, инвестиция дастурларига киритилган лойиҳаларини зарур ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Жумладан, қиймати 200 миллиард сўмдан ошадиган инвестиция лойиҳалари доирасида бюджет ссудаси маблағлари:

•    электр энергияси тармоқларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари учун – “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ва “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖларга;

•    табиий газ тармоқларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари учун – “Ўзтрансгаз” АЖ ва “Ҳудудгазтаъминот” АЖларга ажратилади.


Бундан ташқари, Автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар молия бош бошқармалари ҳузуридаги автомобиль йўлларини ривожлантириш жамғармалари ҳисобидан амалга оширилади.

“Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг давлат ОТМларида ўқиётган фарзандларига биринчи ўқув йили учун тўлов-контракти тўлаб берилади

“Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармонига кўра, ойлик устамалар 2021 йил 1 октябрдан бошлаб Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, иш берувчи ва ёш мутахассис билан 3 йилгача бўлган муддатга тузилган шартнома асосида ёш мутахассиснинг лавозим маошига қўшимча равишда ҳар ой тўлаб борилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

642

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг