“Толибон” етакчисидан тортиб Навальнийгача: “Time” 2021 йилнинг энг нуфузли 100 кишисини эълон қилди

Олам 8184
image

Бугун, 15 сентябр куни Американинг “Time” журнали ўз версиясига кўра 2021 йил учун дунёнинг энг нуфузли 100 кишиси рўйхатини эълон қилди.

Рўйхат олтита тоифага бўлинган – “Кумирлар”, “Инноваторлар”, “Титанлар”, “Санъаткорлар”, “Лидерлар” ва “Ихтирочилар”.

Қайд этиш керакки, ушбу рўйҳатдан Россия мухолифати етакчиси Алексей Навальний ҳам жой олган. У ҳозирда қамоқда. Жорий йилнинг февраль ойида у “Ив Роше” иши бўйича 3,5 йилга қамалган. Бундан аввал, 2020 йил августда Алексей Томск шаҳрида заҳарланганди. Ўлишига бир бахя қолган Навальний бир қатор интервью ва чиқишларида жонига суиқасд қилинишида тўғридан-тўғри Путинни айблаган.

“Time” журналининг бу йилги рўйхатидан, шунингдек, “Толибон” асосчиларидан бири — Бош вазир ўринбосари Абдул Ғани Бародар ҳам жой олган. Айтиш мумкинки, у толибларнинг катта дипломатидир. Айнан Бародар АҚШ Президенти билан тўғридан-тўғри музокаралар олиб борган “Толибон”нинг биринчи юқори мартабали амалдори ҳисобланади. У 2020 йилда Дональд Трамп билан телефонда гаплашган. Бундан олдин эса у Доҳада Америка қўшинларининг Афғонистонни тарк этиши кўрсатилган шартномани имзолаган.

Журналнинг асосий қисмига қайтадиган бўлсак, “Кумирлар” орасида Британия шаҳзодаси Гарри ва унинг рафиқаси Меган Маркл, теннисчи Наоми Осака, қўшиқчи Бритни Спирс ва бошқалар бор. Худди шу тоифада ягона рус — Алексей Навальнийни учратиш мумкин.

Яна бир тоифа – “Инноваторлар”. Бу тоифа қўшиқчи Билли Айлиш, канадалик дизайнер Аврора Жеймс, америкалик гимнаст Суниса Ли ва бошқаларни ўз ичига олган.

“Титанлар” орасига эса Apple бош директори Тим Кук, бадиий гимнастика бўйича тўрт карра Олимпия чемпиони америкалик Симона Байлз, АҚШнинг энг титулли спортчиси Эллисон Феликс ва бошқалар киритилган.

“Санъаткорлар” орасида эса Омара Си, Скарлетт Йоханссон, Кейт Уинслет ҳамда “Энг яхши режиссёр” номинациясида “Оскар” мукофотига сазовор бўлган биринчи осиёлик аёл Хлою Чжаони кўриш мумкин.

Навбат “Лидерлар”га етганда, рўйхат сиёсий тус олган. Уларнинг орасида Жаҳон савдо ташкилоти раҳбари Нгози Оконджо-Ивеала, Эрон Президенти Иброҳим Раиси, Италия ва Исроил Бош вазирлари Марио Драги ва Нафтали Беннет, АҚШнинг касалликларни назорат қилиш ва профилактика марказлари раҳбари Рошель Валенски, Сальвадор Президенти Найиб Букеле ва Афғонистон Бош вазири ўринбосари вазифасини бажарувчи Мулла Абдул Ғани Бародар бор. 

Кетма-кет иккинчи марта ушбу тоифадан жой олаётган лидерлар орасида Хитой Халқ Республикаси раҳбари Си Цзиньпин, АҚШ Президенти Жо Байден, АҚШнинг собиқ Президенти Дональд Трамп, Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди, АҚШ вице-президенти Камала Харрис бор.

“Ихтирочилар” тоифасига SpaceX асосчиси Илон Муск, Nvidia бош директори Жен-Хсун Хуанг, “General Motors Company” бош директори Мэри Барра ва бошқалар кирган.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 263
Рейтинг: 3
t
×