“Толибон” Ўзбекистон ва Тожикистондан яна вертолётларни қайтаришни сўради
Олам
−
08 Август 2022
18258Афғонистон Мудофаа вазирлиги яна бир бор Тожикистон ва Ўзбекистондан ағдарилган ҳукуматдан қолган вертолётларни қайтаришни сўради. Бу ҳақда “Tolonews” хабар берди.
Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Инаятуллоҳ Ховаразамийнинг айтишича, Қобул тез орада вертолётларни қабул қилиб олади.
“Вертолётлар афғон халқининг мулкидир. Улар ҳозирги ҳукуматга – Мудофаа вазирлигига қайтарилиши керак. Албатта, улар ўз қарашларига эга, аммо далил шуки, Ўзбекистон ва Тожикистондаги бу (самолётлар) Афғонистон фуқароларига алоқадор, улар қаерда бўлмасин олинади ва ҳисобдан ўтказилади”, дейди у.
Айни пайтда, айрим таҳлилчилар Ислом Амирлиги халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмагунча, бу вертолётларни олишнинг иложи йўқлигини айтишмоқда.
Маълумот ўрнида, АҚШ 2021 йил баҳорида ўз Қуролли кучларини мамлакатдан олиб чиқиб кетишини эълон қилганидан кейин “Толибон” ҳаракати Афғонистон устидан назорат ўрнатиш учун кенг кўламли операция бошлади. 15 август куни “Толибон” жангсиз Қобулга кирди, Президент Ашраф Ғани эса Республикани тарк этди. 6 сентябрда толиблар бутун Афғонистон ҳудуди устидан назорат ўрнатилгани ҳақида эълон қилган бўлса, 7 сентябрда эса қонунийлиги ҳали ҳеч бир давлат томонидан тан олинмаган муваққат ҳукумат таркибини эълон қилди.
Афғонистонда ҳукумат ағдарилганда афғон учувчилари нафақат Тожикистон, балки Ўзбекистонга ҳам ҳарбий техникалар билан қочиб ўтган. Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Иргашевнинг сўзларига кўра, 2021 йил 21 август ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 46 та, Тожикистонда эса 18 та самолёт бор эди, улар орасида Ми-17, UH-60 вертолётлари, шунингдек, PC-12, C-208, AC-208 ва А-29 самолётлари бор.
Ўзбекистон томони "Толибон"нинг талаб қилишига қарамай, учоқларни Афғонистонга қайтариш ниятида эмас. Расмий Тошкент техникаларни АҚШга топширишга қарор қилган.
LiveБарчаси