“Толибон” Тожикистондан талаб қилаётган самолёт ва вертолётлар кимга берилиши маълум бўлди

Олам

image

Ўтган йили август ойида “Толибон” Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олганда Афғонистон армияси аскарлари Тожикистонга олиб ўтган самолёт ва вертолётлар толибларга қайтарилмайди. Улар АҚШ мулки ҳисобланади ва расмий Вашингтон техникаларни Тожикистон ҳукуматига бермоқчи. АҚШ Марказий қўмондонлиги қўмондони генерал Майкл Курилл Тожикистонга ташрифи чоғида журналистлар билан суҳбатда шундай фикр билдирди.

“Ўтган йилнинг август ойида Афғонистон ҳарбий-ҳаво кучлари самолётлари хавфсизлигини таъминлагани учун Тожикистон Республикаси Қуролли Кучларидан миннатдормиз. “Толибон” бир неча бор таҳдид қилиб, бу борада ўз талабларини илгари сурганига қарамай, самолётлар Толибонга тегишли бўлмагани учун уларга қайтарилмайди”, дейди генерал Курилл.

Унинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар Тожикистон ҳукумати билан самолётлардан самарали фойдаланиш ва уларга техник хизмат кўрсатишнинг энг яхши йўлини аниқлаш устида ишламоқда.

“Умид қиламизки, самолётларнинг бир қисмини ёки барчасини Тожикистон ҳукуматига топшира оламиз. Бу қачон содир бўлишини аниқ айта олмайман, лекин биз бу муаммони ҳал қилиш учун ҳаракат қиляпмиз”, деган америкалик қўмондон.

Маълумот ўрнида, АҚШ 2021 йил баҳорида ўз Қуролли кучларини мамлакатдан олиб чиқиб кетишини эълон қилганидан кейин “Толибон” ҳаракати Афғонистон устидан назорат ўрнатиш учун кенг кўламли операция бошлади. 15 август куни “Толибон” жангсиз Қобулга кирди, Президент Ашраф Ғани эса Республикани тарк этди. 6 сентябрда толиблар бутун Афғонистон ҳудуди устидан назорат ўрнатилгани ҳақида эълон қилган бўлса, 7 сентябрда эса қонунийлиги ҳали ҳеч бир давлат томонидан тан олинмаган муваққат ҳукумат таркибини эълон қилди.

Афғонистонда ҳукумат ағдарилганда афғон учувчилари нафақат Тожикистон, балки Ўзбекистонга ҳам ҳарбий техникалар билан қочиб ўтган. Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Иргашевнинг сўзларига кўра, 2021 йил 21 август ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 46 та, Тожикистонда эса 18 та самолёт бор эди, улар орасида Ми-17, UH-60 вертолётлари, шунингдек, PC-12, C-208, AC-208 ва А-29 самолётлари бор.

Ўзбекистон томони "Толибон"нинг талаб қилишига қарамай, учоқларни Афғонистонга қайтариш ниятида эмас. Расмий Тошкент техникаларни АҚШга топширишга қарор қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

538

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг