“Толибон” Тожикистон учун муҳим бўлган қароргоҳни эгаллаб олди
Олам
−
01 Июль 2021
41453Кеча, 30 июнга ўтар кечаси “Толибон” ҳаракати Афғонистоннинг Тохар вилояти Фархор туманида жойлашган Аҳмад Шоҳ Маъсуднинг энг йирик ва тарихий қароргоҳи — “Чамани Хустдех”ни эгаллаб олди. Бу ҳақда Афғонистон ОАВ ёзмоқда.
Маълумот ўрнида, Аҳмад Шоҳ Маъсуд — келиб чиқиши тожик бўлган афғонистонлик сиёсатчи. У 1992–2001 йилларда ҳозирги Афғонистон ҳудудида мавжуд бўлган Афғонистон Ислом Давлатининг Мудофаа вазири бўлган.
“Толибон” таниқли собиқ мужоҳидлар қўмондонининг конференция хонасида ўтирган жангариларининг фотосуратларини эълон қилди. Хабарларга кўра, толиблар қароргоҳни эгаллаб олган ва залда ҳарбий митинг ўтказган. Бу расмлар афғонистонлик ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлган.
BBC Dari’нинг қайт этишича, “Чаман Хустдех” Афғонистоннинг собиқ шоҳи Муҳаммад Зоҳирга тегишли бўлган. Ушбу қароргоҳдан Аҳмад Шоҳ Совет Иттифоқи ва “Толибон”га қарши уруш пайтида фойдаланган.
Афғонистон ОАВнинг хабарларига кўра, бу нафақат Аҳмад Шоҳ Маъсуднинг қароргоҳи, балки Совет Иттифоқи ва “Толибон”га қарши уруш давридан музей бўлиб қолган. Унда кўплаб ҳарбий асарлар ва эсдаликлар сақланади. Маъсуднинг баъзи шахсий буюмлари ҳам шу ердан жой олган.
Маълум қилинишича, “Чаман Хустдех” тарихий жой мақомига эга бўлиб, уни Афғонистон Мудофаа вазирлиги маданият бўлими кузатган ва унинг яхши ҳолда сақланиши учун пул тўлаган.
Тожикистон учун “Тинчлик уйи”
Ушбу қароргоҳ Тожикистон учун тарихий ва муҳим жой ҳисобланади. Бу ерда 1996 йилда Президент Имомали Раҳмон ва Тожикистондаги мухолифат кучлари раҳбари Сайид Абдуллоҳ Нури мамлакатда тинчлик учун асос яратган. Бу жойнинг тожиклар учун аҳамияти ҳақида, ҳатто Имомали Раҳмоннинг ўзи бир неча бор гапирган.
“Агар Олий Кенгашнинг 16-сессияси Тожикистон бирлигига асос солган бўлса, унда Хустдеҳдаги музокараларда тожиклар ўртасида тинчликнинг асосий йўналишлари яратилган”, деган эди Имомали Раҳмон 2020 йилда Афғонистоннинг собиқ Президенти Бурхонуддин Раббонийни эслаб.
Тожикистондаги тинчлик музокараларининг кўплаб иштирокчилари ва жараён тадқиқотчилари ҳам мамлакатда тинчлик ва бирликни тиклаш бўйича музокараларнинг энг муваффақиятли даври Хустдехда бўлганини қайд этади. Ушбу учрашув Афғонистоннинг ўша даврдаги сиёсий ҳарбарлари Бурҳонуддин Раббоний ва Аҳмад Шоҳ Маъсуд ташаббуси билан ташкил қилинган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь