“Толибон” сериаллар намойишига ҳам чеклов қўйди

Олам

image

Афғонистондаги ҳукмрон “Толибон” ҳаракати мамлакатда ҳар қандай хорижий телесериаллар кўрсатилишини расман тақиқлади. Бу ҳақда “РИА Новости” манбаларига таяниб хабар бермоқда.

Афғонистонда аввал Ҳиндистон ва Туркия сериаллари эфирга узатилган. Улар худди шу мамлакатлар мусиқалари каби катта аудитория орасида машҳур бўлган. 

“Толибон” Маданият комиссияси ва Тақиқлаш ишлари бўйича вазирлик расмийлари кеча, 17 март куни афғон телерадиокомпаниялари вакиллари билан учрашган. 

“Толибон” дари ва пушту (Афғонистонда энг кенг тарқалган тиллар – таҳр.) тилларига таржима қилинган ҳар қандай хорижий телесериалларни кўрсатишни тўхтатишни аниқ айтди”, деган учрашув иштирокчиси. 

Унинг сўзларига кўра, янги ҳокимият тақиқ бузилган тақдирда ҳеч қандай баҳонани қабул қилмаслигини қайд этган. 

“Афғонистонда кино саноати йўқ, хорижникини алмаштира оладиган биронта ҳам сериал ёки фильм йўқ. Бу чеклов телевизорларни ўчириш кераклигини англатади”, дейди учрашув иштирокчиси. 

Маълумот учун, 2021 йил баҳорида АҚШ Афғонистондаги қўшинларини олиб кетишини эълон қилгач, “Толибон” мамлакатда назорат ўрнатиш учун кенг кўламли операцияларни бошлади. Ўтган йилнинг 15 августида толиблар жангсиз Қобулга кириши ортидан Президент Ашраф Ғани республикани тарк этгач, Вашингтон маъмурияти ағдарилган Афғонистон ҳукуматининг АҚШ банкларидаги давлат захираларини музлатиб қўйди. Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банки ҳам Қобулга ёрдам беришни тўхтатди. Музлатилган маблағларнинг умумий миқдори тахминан 9,5 миллиард долларни ташкил этади.  

“Толибон” кўраётган чора-тадбирларга қарамай, мамлакатдаги иқтисодий вазият ўта оғирлигича қолмоқда. “Толибон” раҳбарияти бир неча бор Вашингтондан Афғонистон давлат захираларини блокдан чиқаришни сўраган. Бироқ АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен айтишича, Қўшма Штатлар ва бошқа Ғарб давлатларининг Афғонистонга молиявий ёрдам кўрсатиш ва унинг хорижий банклардаги активларини муздан чиқариш бўйича қарорлари “Толибон”нинг кейинги қадамлари асосида қабул қилинади.


Мақола муаллифи

Теглар

“Толибон”

Баҳолаганлар

106

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг