“Толибон” ИШИДга қарши курашда қайси давлатдан ёрдам олаётгани айтилди
Олам
−
24 Октябрь 2021
12110Покистон Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олган “Толибон” ҳаракатига ИШИД террорчилик гуруҳига қарши курашда ёрдам кўрсатмоқда. Бу ҳақда “The Washington Post” газетаси кеча, 23 октябрь куни “Толибон”нинг икки расмий вакилига таяниб, хабар берди.
Газетага кўра, Покистон террорчиларга қарши курашда разведка маълумотларини узатиш ва техник ёрдам кўрсатиш учун “норасмий каналлар”дан фойдаланмоқда. Хусусан, Покистон томони ИШИД жангариларини аниқлаш мақсадида “Толибон”га телефон қўнғироқлари ва интернет фаоллигини кузатишда ёрдам бермоқда.
“Покистон бизнинг биродаримиз ва улар бизни кўп жиҳатдан қўллаб-қувватламоқда, жумладан [ИШИД ҳақида] маълумот ва разведка ахборотлари билан кўмак бермоқда. Агар АҚШ ва дунёнинг қолган қисми биз билан маълумот алмашганда, биз “Даиш”ни (ИШИДнинг арабча номланиши – таҳр.) саноқли кунларда мағлуб этган бўлардик”, дейди “Толибон” етакчиларидан бири.
Ўз навбатида, Покистон Ташқи ишлар вазирлигининг исми ошкор қилинмаган вакили газетага берган интервьюсида, бу норасмий мулоқот ва разведка алмашиш бўйича ўрнатилган шериклик эмаслигини таъкидлаган.
Шу билан бирга, мансабдор шахс расмий Исломобод “Толибон” билан терроризмга қарши курашда ҳамкорлик масаласини муҳокама қилганини тасдиқлаган.
“Қобул билан бирон бир ҳамкорликни инкор этиб бўлмайди. Нафақат Покистон, балки минтақанинг бошқа давлатлари, хусусан, Россия ва Эрон ҳам ИШИДдан хавотирда. Демак, терроризмга қарши курашнинг минтақавий даражаси ҳақида сўз бораётган бўлиши мумкин”, дейди у.
Шу билан бирга, “Толибон” вакили Билол Каримий ҳаракат ИШИДни Афғонистон учун “жиддий таҳдид” деб ҳисобламаслигини айтган.
“Буни катта муаммо деб билмаймиз, шунинг учун бу масалани ҳал қилиш учун бизга ташқаридан ёрдам керак эмас”, дейди у.
LiveБарчаси