“Толибон” инсон ҳуқуқлари бўйича Ғарб билан музокаралар олиб бормоқчи
Олам
−
22 Январь 2022
6085Жорий йилнинг 23-25 январь кунлари Норвегия пойтахти Ослода Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати ва Ғарб мамлакатлари вакиллари билан музокаралар бўлиб ўтади. Бу ҳақда бугун, 22 январь куни Расмий Осло ва “Толибон” вакиллари маълум қилган.
Норвегия Ташқи ишлар вазири Анникен Хюитфельднинг билдиришича, у инсон ҳуқуқлари ва афғон халқига гуманитар ёрдамларни қайта йўлга қўйиш масаласида музокараларни олиб бориш учун пойтахт Ослога “Толибон” расмийларини таклиф қилган.
“Биз Афғонистон бошидан кечираётган муаммолардан жиддий хавотирдамиз. Мамлакатда содир бўлган сўнгги воқелар ортидан иқтисодий ва сиёсий аҳвол издан чиқиб, аҳоли очарчиликдан азият чекмоқда”, дея билдирган ўз баёнотида Норвегия вазири.
Афғонистон делегациясига “Толибон” муваққат ҳукуматининг вақтинчалик Ташқи ишлар вазири вазифасини ўтаётган Амир Хон Муттақий бошчилик қилиши айтиломоқда.
Бу Афғонистонда ҳукумат ўзгарганидан буён “Толибон” вакилларининг Ғарбга қиладиган биринчи расмий ташрифи бўлади. Бунга қадар, “Толибон” расмийлари Россия, Хитой, Эрон, Қатар ва Туркманистонга амалий ташриф уюштиришган.
Афғонистон Маданият ва ахборот вазири ўринбосари Забиҳуллоҳ Мужоҳиднинг маълаум қилишича, мамлакат вақтинчалик Ташқи ишлар вазири Муттақий учрашув чоғида АҚШ делегацияси билан ёпиқ эшиклар ортида учрашув ўтказиб, Европа расмийлари билан икки томонлама ҳамкорлик музокараларини олиб боради.
Бундан ташқари, учрашув чоғида қатор инсон ҳуқуқлари ва хотин-қизлар ҳуқуқлари тарафдори бўлган ташкилотлар “Толибон”га бир нечта талабларни юклаши кутилмоқда. Қайд этилишича, мамлакатдаги этник озчилик ва аёллар ҳуқуқлари поймол қилиниши тўхтатилиб, хотин-қизларга ҳуқуқий эркинликлар берилиши кафолатланиши керак.
Мамлакатда қизлар таълим-тарбияси энг оғриқли нуқта экани ҳеч кимга сир эмас. Маълумотларга кўра, Афғонистоннинг атиги 10 та вилоятида қизларнинг 7-синфгача таълим олишига имкон берилади. Фақатгина мамлакат пойтахти Қобулда университет ва лицейлар узлуксиз таълим беришда давом этмоқда.
Норвегия Ташқи ишлар вазирининг билдиришича, афғон делегацияси билан инсон, хотин-қизлар ва журналистлар ҳақ-ҳуқуқлари ҳамда иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий муаммолар ечими ҳақида музокаралар олиб борилади.
“Толибон” расмийси Муттақий учрашув чоғида АҚШ ва Европадан Афғонистоннинг музлатилган 10 миллиард доллар атрофидаги маблағларини қайтаришни талаб қилиши маълум қилинган.
Жорий ҳафтада Норвегия Ташқи ишлар вазири бошчилигидаги делегация афғон халқига халқаро гуманитар ёрдамлар оқимини қайта йўлга қўйиш бўйича музокаралар олиб бориш учун Афғонистонга амалий ташриф билан келган эди.
Норвегия вазирининг билдиришича, пандемия сабабли ривожланишдан тўхтаган иқтисодиёт ва халқаро ёрдамлар оқимининг чекланиши ортидан, Афғонистон бўйлаб 24 миллион аҳоли очарчиликдан азият чекмоқда.
Беҳруз Саидов
LiveБарчаси