“Толибон” “Ал-Қоида” етакчиси ўлдирилишида Покистонни айблади

Олам 6885
image
-

Покистон Америка учувчисиз учоқлари Афғонистонга кириши учун осмонидан фойдаланишга рухсат берган. Бу ҳақда “Толибон” ҳукумати Мудофаа вазири вазифасини бажарувчи мулла Муҳаммад Ёқуб Мужоҳид айтиб ўтган. 

Мужоҳид матбуот анжумани чоғида жорий йил июль ойида “Ал-Қоида” террорчилик гуруҳи етакчиси Айман аз-Завоҳирий ўлими билан якунланган дрон зарбасига тўхталиб, Америка Покистон орқали Афғонистон ҳаво ҳудудини бузганини айтган.

“Биздаги маълумотларга кўра, дронлар Афғонистонга Покистон орқали кириб келган. АҚШ Покистон ҳаво ҳудудидан фойдаланган. Покистондан ҳаво ҳудудидан бизга қарши фойдаланишга йўл қўймасликни сўраймиз”, дейди у.

Покистон Ташқи ишлар вазирлиги, ўз навбатида, Мужоҳиднинг баёнотларидан хавотир билдирган.

Департаментнинг қайд этишича, ҳеч қандай далилсиз бу каби фаразий баёнотлар афсусланарли ва масъулиятли дипломатик хатти-ҳаракатлар нормаларига зиддир.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 31 июль куни АҚШ Президенти Жой Байден буйруғига кўра ўтказилган операцияда “Ал-Қоида” етакчиси Айман аз-Завоҳирий ўлдирилганди. 

“Толибон” матбуот котиби Забиҳулла Мужоҳид ҳужумни халқаро келишувларни бузиш сифатида қоралаган ва бу каби ҳаракатлар ҳам Афғонистон, ҳам АҚШ манфаатларига зид экани ҳақида огоҳлантирган.

Диёра Абдураҳмoнова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 169
Рейтинг: 3
t
×