“Толибон” ҳокимиятининг иккинчи куни: Қобулда бензин тугади (видео)

Олам

image

Кеча,  16 август куни “Толибон” Афғонистон пойтахти Қобулни расман эгалланганининг иккинчи кунидаёқ шаҳарда бензин тугади. Ёнилғи қуйиш шохобчаларида автомобиллар навбати юзага келган. Уларнинг орасида ҳарбий машиналар, бир қанча танклар ҳам бор. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.

Шунингдек, ёнилғи қуйиш шохобчаларида бензин нархи 50 афғонидан ( 6 500 сўм) 70 афғонигача (9 200 сўм) кескин кўтарилди.

Хабар берилишича, ҳозирда бутун  шаҳар бўйлаб  ҳарбий машиналар ҳам бензин топа олмаяпти. Қобулдаги йирик дўконлар ёпилган. Айни пайтда Афғонистон фуқаролари чуқур қўрқувда қолган, шу сабабли кўчаларда одамлар кўп эмас. Энди Афғонистондаги вазият янада оғирлашмоқда.

Қайд этиш керакки, Афғонистон Ислом Республикаси энди йўқ. Жорий йилнинг 15 август куни ҳокимият “Толибон” ҳаракати назоратига ўтди. Улар эса бир вақтлар мавжуд бўлган Афғонистон Ислом Амирлигини қайта тузмоқчи. Президент Ашраф Ғани истеъфо берди ва мамлакатни тарк этди. Кейинроқ у қон тўклишини олдини олиш учун шундай қилганини айтди.

Бошқарувсиз қолган Афғонистон ҳарбийлари эса мамлакатдан қочишга ҳаракат қилмоқда ёки толибларга таслим бўлмоқда.

Эслатиб ўтамиз, “Толибон” чегарадаги барча ўтиш жойларини қаттиқ  назорат қилишмоқда. Жангарилар Қобулни эгаллагач, Президент саройини ҳам ўз назоратига олганди. 

Жорий йилнинг 15 августида “Толибон” сиёсий идорасининг расмий вакили  Муҳаммад Наим Афғонистонда уруш тугаганини ва мамлакатда бошқарув шакли яқин келажакда аниқ бўлишини айтганди.

Дурдона Пирназарова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

514

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг