Токиода одамлар Синдзо Абэнинг дафн маросимига қарши намойишга чиқди
Олам
−
27 Сентябрь 2022
7861Токиода юзлаб одамлар Япониянинг собиқ Бош вазири Синдзо Абэнинг давлат дафн маросими ўтказилишига қарши норозилик билдириш учун кўчаларга чиқди. Бу ҳақда NHK нашри хабар бермоқда.
Кўплаб намойишчилар “Давлат дафн маросимига қаршимиз!”, “Дафн маросими бекор қилинсин!” деган плакатлар билан чиқишган. Ҳозирча ҳибсга олинганлар ҳақида хабар берилмаган.
Шунингдек, одамлар марҳум собиқ Бош вазир хотирасини ҳурмат қилиш учун кўчаларга чиқишмоқда. Куданзака истироҳат боғида фуқаролар гул олиб келадиган иккита қурбонгоҳ ўрнатилган.
Қайд этилишича, маросимдаги хавфсизликни 20 мингга яқин полиция ходими таъминламоқда.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 22 июль куни Япония ҳукумати собиқ Бош вазир Синдзо Абэнинг давлат дафн маросимини 27 сентябрь куни ўтказиш тўғрисидаги қарорни маъқуллаган.
Абэга суиқасд
Жорий йилнинг 8 июль куни Япониянинг собиқ Бош вазири Синдзо Абэ кўчадаги чиқиши давомида отиб кетилди. 41 ёшли япониялик Тетсуя Ямагами қўлбола ўқотар қурол билан уни икки марта отиб ташлади. Абэ қутқарув вертолётида шифохонага етказилди. Шифокорлар унга қон қуйишди ва бир неча соат давомида унинг ҳаёти учун курашдилар. Собиқ Бош вазир 67 ёшида вафот этди.
12 июль куни Токиодаги Зожожи ибодатхонасида оила аъзолари, яқин дўстлари ва ҳамкорлари учун шахсий буддист дафн маросими бўлиб ўтди. Абенинг жасади кремация қилинди.
Фарангиз Салимова
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь