Токио-2020: ўзбекистонлик эркин курашчилар ўз юришларини якунлади

Спорт 2014
image

Эркин кураш бўйича -86 кг вазнда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Жавраил Шапиев илк босқичдаёқ имкониятни бой берди. 

Унинг рақиби Рио-2016 Олимпиадаси ва икки карра Жаҳон чемпиони эронлик Ҳасан Яздани бўлди. Шапиев тажрибали рақибга қарши муносиб курашди. Бироқ Яздани якунда ғалаба қозониб, кейинги даврага йўл олди. Энди эронлик курашчи финалга етиб борган тақдирда Шапиев бронза медали учун  имкониятни сақлаб қолади.

-57 кг вазн тоифасида Ғуломжон Абдуллаев Токио-2020 Олимпиадасининг чорак финалида имкониятни бой берди. Унга мазкур босқичда сўнгги 2 Жаҳон чемпионатининг ғолиби россиялик Заур Угуев рақиблик қилди.

Баҳс якунланишига бир неча сония қолганида россиялик полвон ҳисобни тенглаштириб, сўнгги баллни қўлга киритгани эвазига ғалабани илиб кетди. Энди Угуев финалга қадар етиб борса Абдуллаев бронза медали учун курашиш имкониятига эга бўлади.

Ғуломжон Абдуллаев илк босқичда ўзбек эркин курашчиларининг Токио-2020 Олимпиадасидаги ғалабасини бошлаб берди. Хоразмлик спортчи хитойлик рақибини катта устунлик билан доғда қолдириб, чорак финалга йўл олган эди. 

Маълумот учун, Абдуллаев ушбу курашчи билан Осиё минтақаси учун ўтган лицензион мусобақанинг финалида курашган ва унда ҳам ўз ғалаба қозонган эди.

Ҳумоюн Орипов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 40
Рейтинг: 3
t
×