Тизимли иқтисодий инқироз белгилари намоён бўлмоқда – Мирзиёев
Жамият
−
24 Июнь 2022
19398Ўзбекистон транспорт-коммуникациялар соҳасидаги боғлиқликни кучайтириш ҳамда “Шимол–Жануб” ва “Ғарб–Шарқ” трансконтинентал йўналишларига минтақани жалб этиш тарафдори. Бу ҳақда мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёев “БРИКС плюс” форматидаги Глобал тараққиёт масалалари бўйича юқори даражадаги мулоқотда маълум қилди.
“Бугунги дунё қатор таҳликали жараёнлар билан кечаётган чуқур трансформация даврида яшамоқда. Халқаро кескинлик тобора кучаймоқда ва тизимли иқтисодий инқироз белгилари намоён бўлмоқда. Бундай шароитда биз Ўзбекистонда “Инсон манфаатлари –ҳамма нарсадан устун” деган тамойил асосида ислоҳотларни амалга оширишни изчил давом эттиряпмиз. Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг асосий устувор йўналишлари давлат бошқарувини такомиллаштириш, камбағалликни қисқартириш ва 2030 йилга бориб аҳолиси ўртачадан юқори даромад оладиган давлатлар қаторидан жой олиш, инклюзив ижтимоий тараққиётни таъминлаш, Марказий Осиё минтақасида яхши қўшничилик ва барқарорликни мустаҳкамлаш ҳисобланади”, дейди Мирзиёев.
Ўзбекистон етакчисига кўра, жаҳон иқтисодиётида кузатилаётган инқирозли ҳолатлар бутун глобал савдо ва инвестициялар тизими учун тўсиқ яратмоқда.
Бундай шароитда:
• тўсиқларни бартараф этиш ва янги ишлаб чиқариш ва савдо-логистика занжирини яратиш;
• саноат кооперацияси бўйича лойиҳаларга инвестициялар жалб этиш ва инфратузилмаларни модернизация қилиш;
• технологиялар трансфери ва инновацияларни жорий этиш, сунъий интеллект, рақамлаштириш, биотехнологиялар, жумладан вакциналар ишлаб чиқариш, соҳасида ҳамкорликни янада чуқурлаштириш бўйича мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни қабул қилиш муҳимдир.
“Қўшма лойиҳа ва ташаббусларни биргаликда амалга ошириш учун доимий бизнес мулоқот майдончаси – “БРИКС плюс” ишбилармон доиралари форумини йўлга қўйишни таклиф этаман. Биз транспорт-коммуникациялар соҳасидаги боғлиқликни кучайтириш ҳамда “Шимол – Жануб” ва “Ғарб – Шарқ” трансконтинентал йўналишларига минтақамизни жалб этиш тарафдоримиз”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Таъкидланишича, Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бозорларда озиқ-овқат маҳсулотларининг барқарор ва очиқ ҳаракатини таъминлаш бўйича қатъий ҳаракатларга чақирган даъватини қўллаб-қувватлайди. Бунда айнан жаҳон қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг эллик фоизигача бўлган қисми ҳиссасига тўғри келаётган айнан БРИКС мамлакатлари муҳим роль ўйнаши зарур. Ушбу улкан салоҳиятдан озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш ва ундан фойдаланишнинг ишончли тизимларини шакллантириш мақсадида кооперацияни чуқурлаштириш учун фойдаланиш керак.
“Шуни қайд этишни истардимки, Хитойнинг муваффақиятли тажрибасидан фойдаланган ҳолда биз сўнгги йилларда, ҳатто пандемия шароитида ҳам, аҳолимизнинг ҳаёт даражасини реал ошириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш имконига эга бўлдик. Глобал жараёнларни ҳисобга олганда иқлим ўзгаришлари бўйича кўп томонлама ҳамкорлик янада долзарб бўлиб бормоқда. Бу йўналишда чўллашишга қарши курашиш, биохилма-хилликни сақлаб қолиш, сув балансини таъминлаш, “яшил иқтисодиёт” соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштиришни таклиф этамиз”, дея қўшимча қилди Президент Шавкат Мирзиёев.
LiveБарчаси