ТИВ Мирзиёевга Москвадан йўлланган мурожаатга муносабат билдирди
Жамият
−
08 Февраль 2019
40894Ижтимоий тармоқлар ва айрим халқаро оммавий ахборот воситаларида Россия Федерациясида кўча тозаловчи бўлиб ишлаган ва томдаги қорни кураётганда йиқилиб вафот этган ўзбекистонлик мигрантнинг қариндоши томонидан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга йўллаган мурожаати тарқалди.
Мазкур видеомурожаатга Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги расмий муносабат билдирди. Қуйида вазирлик ахборот ўзгаришсиз келтирилади.
"Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги мамлакатимиз фуқароси Отабек Болтаевнинг 2019 йил 5 январь куни Москва шаҳридаги фожиали ўлими ва кейинчалик оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда чоп этилган нашрлар билан боғлиқ вазиятдан хабардорлигини маълум қиламиз.
Авваламбор вафот этган ватандошимизнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдарлигимиз ва таъзиямизни изҳор этамиз.
Шу ўринда қайд этиш жоизки, Ўзбекистоннинг Россиядаги Элчихонаси Консуллик бўлимининг маълумотига кўра, марҳумнинг қариндоши дея таништирилган Баҳодир Аҳмедов 2019 йил 9 январь куни Консуллик бўлимига мурожаат қилишидан бир кун аввал О.Болтаев ишлаган жойи “Жилишник Пресненского района” давлат бюджет муассасаси (ДБМ) раҳбариятидан марҳумнинг жасадини Ўзбекистонга олиб келиш ва дафн этиш учун 100 минг рублни (1 500 АҚШ доллари) имзо қўйиб олган. Бунда, маросим хизматлари ва авиаташув нархи 50 мингдан 100 минг рублгача бўлган қийматни ташкил этади.
Шунингдек, ДБМ директори И. Н. Костиннинг буйруғига биноан марҳум О. Болтаевнинг турмуш ўртоғи Ш.Болтаева номига 250 минг рубл миқдоридаги бир мартали молиявий ёрдам Б. Аҳмедов тақдим этган банк картасига ўтказилади.
Россия Федерацияси Меҳнат кодексининг 220, Фуқаролик кодексининг 1084 ва 1088-моддаларига кўра, иш жараёнида шахсга етказилган зарар учун жавобгар томон тўлиқ равишда иш берувчи ҳисобланади.
Бундан маълум бўладики, Б.Аҳмедов Элчихона Консуллик бўлимига мурожаат қилишидан олдин марҳум О.Болтаевнинг жасадини юбориш учун етарли молиявий маблағга эга бўлган ва унинг молиявий қийинчиликларга дуч келганлиги тўғрисидаги хабари ҳақиқатга тўғри келмайди.
Элчихона Консуллик бўлими О.Болтаевнинг қариндошлари юқорида кўрсатилган пул маблағларини олганлиги ёки ҳуқуқ тартибот органларига (Россия қонунчилигига мувофиқ) боқувчининг вафоти сабабли иш берувчи томонидан йетказилган моддий ва маънавий зарарни қоплаш ҳамда айбдорларни техник хавфсизликни таъминлашда йўл қўйган хатолари учун жиноий жавобгарликка тортишни сўраб арз қилганликлари тўғрисида маълумотга эга эмас.
ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти марҳум О.Болтаевнинг оила аъзолари ёки қонуний вакили мурожаат қилган тақдирда, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга тайёр эканлигини билдиради.
Ўз навбатида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018-йил 5-июлдаги “Ўзбекистон Республикасининг Ташқи меҳнат миграция тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 3839-сонли Қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш Жамғармаси ташкил этилган. Мазкур Қарорга кўра, хорижда вафот этган фуқароларимизнинг жасадларини Ватанга олиб келиш билан боғлиқ ҳаражатлар Жамғарма томонидан қопланиши белгиланган", дейилади хабарда.
LiveБарчаси