ТИВ Абрам Ниёзовга ёрдам кўрсатилди, деб алдадими? Беморнинг акаси ТИВни ёлғончиликда айблаяпти
Жамият
−
03 Апрель 2019
17237Жорий йилнинги февраль ойи охирида Жанубий Кореянинг Сеул шаҳрида ўзбекистонлик Абрам Ниёзов оғир вазиятга тушиб қолгани, 2018 йилнинг июлидан буён шифохонада даволанаётгани, Ўзбекистоннинг Кореядаги элчихонаси томонидан амалий ёрдам кўрсатилмаётгани ҳақида хабар берган эдик. Кўп ўтмай, Ташқи ишлар вазирлиги Ниёзовнинг яқинлари билан мулоқот ўрнатганини маълум қилганди.
Кеча, 2 апрель куни яна Ташқи ишлар вазирлиги сайтида Абрам Ниёзовга ёрдам кўрсатилаётгани ҳақида расмий баёнот берилди.
Унда фуқаро Абрам Ниёзов 2018 йилнинг июль ойидан бери клиникада оғир аҳволда қолаётган фуқаро Абрам Ниёзовга керакли ёрдам кўрсатилаётгани, элчихона ходимлари унинг ҳолидан мунтазам хабар олиб тургани айтилганди.
Бироқ, QALAMPIR.UZ аниқлаган маълумотларга кўра, Абрам Ниёзовга ҳозиргача ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмаган. Аҳволнинг аслида қандайлиги ҳақида унинг акаси Азизжон Оқилов QALAMPIR.UZ билан мулоқотда баъзи тафсилотларни маълум қилди.
Азизжон Оқиловга кўра, ТИВ эълон қилган маълумотларнинг барчаси ёлғон. Элчихона томонидан ҳалигача ҳеч қандай асосли ёрдам кўрсатилмаган. Ҳатто, ярим йилдан бери элчи қабулига киришнинг ҳам имкони бўлмаган.
“Элчининг ўзи 6 ойдан бери қабул қилмаяпти. Элчи жанобларига ёзма равишда ҳам, электрон равишда ҳам мурожаат қилдим. Лекин, қабул қилмадилар. ТИВ хабарлари қандай асос билан бериляпти ёки вазирликдан ходим келиб текшириб кетганми? Муаммолар ҳал қилиняпти дейилган... Ҳали ҳеч қандай муаммолар ҳал қилинмаган”, дейди беморнинг акаси Азизжон Оқилов.
Азиз Оқиловнинг маълум қилишича, Тошкентдан Ташқи меҳнат миграцияси агентлигидан бириктирилган ходим Алишер Сулаймонов уч марта Кореяга борган. У элчихона ходимлари билан Абрам Ниёзов фаолият юритган заводга борган. Бироқ, ҳеч қандай ёрдам бўлмаган.
Азиз Оқилов биз билан суҳбатда бир ойдан буён онаси ва синглиси Кореяга бориш учун виза ололмаётгани, на элчихона ва на ТИВ бунда ёрдам қўлини чўзмаётганини қўшимча қилди.
“Элчи қабул қилмаганидан кейин қандай ёрдам бўлади? Элчи фуқаронинг дардини эшитмагандан кейин...", дейди Оқилов.
Хорижда ўз ватандошлари томонидан сарсон қилинаётган фуқаронинг алам тўла мурожаатидан кейин табиий бир савол туғилади: бу ерда вазирлик ёлғон хабар тарқатдими ёки Кореядаги Ўзбекистон Элчихонаси “ўзи йўқнинг – кўзи йўқ” қабилида иш тутиб, вазирликка “ясама” маълумотлар тақдим этдими?
Энг қисқа вақт ичида ТИВдан Азизжон Оқиловнинг иддаоларига тўғри ва ишончли жавоб кутиб қоламиз.
Маълумот учун, Жанубий Кореяда комага тушган ўзбекистонлик бўйича шифохона 93 минг доллар миқдорида ҳисоб чиқарган.
Азиз Оқиловнинг айтганларини юқоридаги слайдерда тинглашингиз мумкин.
LiveБарчаси