Тинтув ўтказиш, телефонни эшитиш ва мулкни хатлашга санкция прокуратурадан судга ўтказилади
Жамият
−
20 Декабрь 2022
4319Ўзбекистонда тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувини эшитиш ва мулкни хатлашга санкцияни прокурордан судга ўтказилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 20 декабрь куни Олий Мажлис палаталарига йўллаётган мурожаатида айтиб ўтди.
“Энди, терговчи жиноятга алоқадор деб, ҳар қандай мулкни хатлаб қўя олмайди. Ахир, биз хусусий мулк дахлсизлигини кучайтириш бўйича озмунча ҳаракат қилаяпмиз-ми? Бундан буён, мулк ҳуқуқини чеклашга оид ҳар қандай ҳаракат фақат суд орқали бўлади”, дейди давлат раҳбари.
Шунингдек, тергов сифатини ошириш бўйича ҳам тизимли чоралар кўрилади.
Президентнинг қайд этишича, тергов шахсни айблаш учун эмас, жиноятни фош этиш орқали ҳақиқатни аниқлаш учун ишлаши керак.
“Шу билан бирга, судда ишларни кўришда қатнашадиган алоҳида прокурорлар корпуси шакллантирилади. Улар махсус ўқитилади, ишни судда кўришда холис, мустақил бўлиши қонун билан белгиланади”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Одил судловни таъминлашда ҳимоячига берилган ҳуқуқлар ҳам қайта кўриб чиқилиб, етмайдиган ваколатлар берилади.
“Нима учун, адвокатга жиноят иши қўзғатиш ва тугатиш ҳақидаги қарордан нусха берилмайди? Бундай ҳолатд́а тенглик ҳақида қандай гапириш мумкин? Энди, судларга жиноят иши фақат айблов хулосаси билан эмас, балки ҳимоячи фикри билан бирга қабул қилинади”, дейди давлат раҳбари.
Унга кўра, эндиликда айбланувчининг ҳимоячидан воз кечиши бўйича ҳар бир ҳолат прокурор, суд томонидан синчиклаб ўрганиладиган тизим жорий қилинади.
LiveБарчаси