TikTok ЕИда ёш назоратини қатъийлаштиради
Олам
−
09:28 564 2 дақиқа
TikTok ижтимой тармоғи Европа Иттифоқида фойдаланувчиларнинг ёшини аниқлаш бўйича янги технологияларни яқин вақт ичида жорий этишни бошлайди. Ушбу қарор Европа регуляторлари босими кучайиб бораётган шароитда ўтказилган бир йиллик пилот лойиҳа натижалари инобатга олинган ҳолда қабул қилинган. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Нашр маълумотларига кўра, аввал хабар қилинмаган ушбу тизим Хитойнинг ByteDance компаниясига тегишли платформага фойдаланувчи профили ҳақидаги маълумотлар, видеолар ва хулқ-атвор сигналларини таҳлил қилиш имконини беради. Йиғилган маълумотлар аккаунт вояга етмаган фойдаланувчига тегишли ёки йўқлигини аниқлашга ёрдам беради. Шу тарзда аниқланган аккаунтлар автоматик равишда блокланмайди, уларни махсус модераторлар текширади.
Бунгача Европа Парламенти депутатлари 13 ёшдан кичик болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлаш таклифини қўллаб-қувватлаган. Қонунчилар, шунингдек, бу чекловни видео алмашиш сервисларига ва сунъий интеллект асосидаги ёрдамчи дастурларга ҳам татбиқ этиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Улар Еврокомиссияни ЕИнинг рақамли хизматлар тўғрисидаги қонунида назарда тутилган вояга етмаганларни ҳимоя қилиш қоидаларини “жиддий ва мунтазам равишда” бузадиган компаниялар олий раҳбарияти учун шахсий жавобгарлик жорий этиш масаласини ўрганишга чақирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа Парламенти болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини чеклаш бўйича Европа Иттифоқига чақириқ йўллагани, депутатлар ёшлар орасида ижтимоий тармоқлардан ортиқча фойдаланиш сабаб кучайиб бораётган руҳий саломатлик муаммоларига эътибор қаратаётгани ҳақида хабар берилган эди.