Тихановская АҚШга боради. Унинг Жо Байден билан учрашиши кутилмоқда

Олам 4886
image

Беларусь Президентлигига собиқ номзод Светлана Тихановская АҚШга ташриф буюради. Унинг Қўшма Штатларда Президент Жо Байден билан учрашиши кутилмоқда. Мухолифат етакчиси бу ҳақда Женевадаги матбуот анжуманида айтиб ўтди. Унинг сўзлари ТАСС томонидан келтирилган.

Тихановскаянинг айтишича, у аввалроқ Американинг Беларусдаги элчиси билан суҳбатлашган. Унинг Вашингтонга ташриф буюриш эҳтимоли бор. Аммо коронавирус пандемияси унга халақит бериши мумкин. Тихановская бундай ташрифнинг эҳтимолий вақтини эълон қилмади, аммо Байден билан учрашишни кутаётганини айтди. Мухолифат этакчиси “Вашингтон [Беларусдаги] инқирозни муайян даражада ҳал қилишда аллақачон иштирок этганини” таъкидлади.

Президентликка собиқ номзод, шунингдек, яқин ойларда Беларусга қайтишга умид қилишини айтди. Унинг сўзларига кўра, мухолифат сентябрь ёки октябрь ойларида янги сайловлар ўтказилишига эришмоқчи.

Олти ойдан кўпроқ вақтдан бери Беларусда Президент Александр Лукашенконинг истеъфосини талаб қилган намойишлар давом этмоқда. Сайлов натижаларидан норозиларнинг ҳаракатлари ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан кескин бостирилмоқда. Ўн минглаб одамлар ҳибсга олинган, уларнинг кўплари изоляторларда қийноққа солиш ва калтаклаш ҳолатлари кузатилаётганини қайт этган. Хавфсизлик ходимлари билан тўқнашувда жами тўрт киши ҳалок бўлган.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 131
Рейтинг: 2.8
t
×