Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги ташкил этилди
Жамият
−
26 Март 2021
4478Ўзбекистон Президентининг “Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйлари тизимини янада ривожлантириш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги (Агентлик) ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилди.
Агентлик кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа тоифаларига тиббий-ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасида ваколатли давлат бошқаруви органи ҳисобланади ҳамда ўз фаолиятида Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади.
Агентлик директори ва унинг ўринбосарлари Президент билан келишилган ҳолда Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.
Фармон билан қуйидагилар Агентлик тизимига ўтказилди:
- “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйлари;
- Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази;
- ногиронлиги бўлган шахслар учун ҳудудий реабилитация марказлари;
- уруш ва меҳнат фахрийлари учун санаторий ва пансионатлар;
- Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари;
- Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш бўйича Республика реабилитация маркази;
- Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси;
- Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси.
Фармонга кўра, 35 та муассасада 428 миллиард сўмлик қурилиш-реконструкция ишларини олиб бориш ва уларни 40 миллиард сўмлик жиҳозлар ва техника билан таъминлаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини ташкил этишни назарда тутувчи Тиббий-ижтимоий муассасаларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланди.
LiveБарчаси