“The New York Times” Россия кирдикорларини фош этгани учун Пулицер мукофотини қўлга киритди
Олам
−
06 Май 2020
7402“The New York Times” газетасининг Россия ҳақидаги танқидий мақолалари 4 май куни Пулицер мукофотига сазовор бўлди. Ғолибларни эълон қилиш Колумбия университетининг Журналистика мактабида бўлиб ўтди. Маросим пандемия сабабли онлайн режимда ўтказилди.
Пулицер мукофотининг ташкилий қўмитаси веб-сайтида эълон қилинганидек, “Халқаро журналистика” номинациясида “The New York Times” ходимлари томонидан Россия ҳукумати кирдикорлари ва ноқонуний хатти-ҳаракатлар ҳақида ёзилган танқидий мақолалар қайд этилган.
Илова қилинган эслатмада соврин учун нашрга қайси материаллар берилгани кўрсатилмаган. “The New York Times” сайтида қайд этилишича, ташкилий қўмита газетага ушбу мукофотни 2016 йилда Россиянинг қатор давлатларда ўтказилган президентлик сайловларига аралашгани батафсил ёритилган мақолалари учун берган.
Ички сиёсат масалалари бўйича энг яхши материал номинацияси ғолиблари АҚШ ҳарбий-ҳаво кучларининг 7-флотидаги муаммоларни ёритиб чиққан “ProPublica” нашри мухбири ва Boeing 737 MAX самолёти лойиҳасида йўл қўйилган хатолар ҳақидаги материаллар учун “Seattle Times” газетаси журналистлари бўлди. “The New York” газетасида чоп этилган шаҳардаги такси ҳайдовчилари ҳақидаги қатор материаллар энг яхши тергов журналистикаси номинацияси ғолиби, деб топилди.
Ғолибларнинг исмлари мукофотнинг ташкилий қўмитаси вакили Дана Канеди томонидан эълон қилинди, кўрсатув расмий веб-сайтда намойиш этилди. “Шубҳа йўқ-ки, биз Пулицер мукофоти совриндорларини жуда қийин даврда эълон қиляпмиз. Қизиғи шундаки, биринчи Пулицер мукофотлари 1917 йил июнь ойида, Испания гриппи пандемияси тарқалишидан бир йил олдин берилган эди”, деди Канеди.
Америкалик журналист ва ношир Жозеф Пулицер (1847-1911) Пулицер мукофотининг асосчиси ҳисобланади. 1904 йилда ёзган васиятномасига кўра, Нью-Йоркдаги Колумбия университетига 2 миллион доллар хайрия қилди. Ушбу пулнинг катта қисми журналистлар учун ихтисослаштирилган ўқув муассасасини ташкил этишга йўналтирилди ва унинг тўртдан бир қисми адабиёт, журналистика ва маърифий фаолият соҳасида мукофотлар ва стипендияларни беришга сарфланди. Пулицернинг вафотидан кўп ўтмай, Колумбия университетида Журналистика мактаби ташкил этилди.
Пулицер мукофоти илк бор тўртта – репортаж, таҳририят мақоласи, АҚШ ҳақида китоб ва биографик асар йўналишлари бўйича 1917 йил 4 июнда бўлиб ўтди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь