Тезкор: Ўзбекистонда ниқоб тақиш билан боғлиқ талаб енгиллаштирилиши кутилмоқда
Жамият
−
23 Февраль 2022
8896Ўзбекистон коронавирус билан боғлиқ карантин чекловлари қайта кўриб чиқилмоқда. Мамлакатда ниқоб тақиш борасида белгиланган қоидалар енгиллаштирилиши кутилмоқда. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ мухбири хабар бермоқда.
Айни вақтда Вазирлар Маҳкамасида Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Унда мамлакат Бош вазири Абдулла Арипов иштирок этиб, коронавирус билан боғлиқ карантин чекловлари қайта кўриб чиқилаётганини айтган.
Йиғилишда қайд этилишича, бугунги кунда аксарият мамлакатлар коронавирус инфекциясини эндемик касаллик сифатида тан олиб, асосий чекловларни, ҳатто, ниқоб тақиш ва COVID-19 паспортларини бекор қилиш ниятида эканини маълум қилган. АҚШнинг 5 штати COVID-19 га қарши курашишнинг асосий чораларидан бири – ниқоб тақишдан воз кечган. Европа давлатларида ҳам ниқоб тақишга бўлган ёндашув бир мунча ўзгарган. Жумладан, жорий йилнинг 25 январидан Буюк Британияда, 1 февралдан Данияда, 2 февралдан Францияда мажбурий ниқоб тақиш бекор қилинган.
Шу билан бирга, Испанияда 4 февралдан, Швецияда эса 9 февралдан очиқ ҳавода ниқоб тақиш бекор қилинган. Голландияда Европа бўйича энг қаттиқ чекловлар мавжуд. Шунга қарамай, бу давлат ҳам ниқоб тақишдан воз кечмоқда. Европа давлатлари аҳоли орасида эмланиш даражасини оширишни таклиф этмоқда.
“Биз ҳам ниқоб тақишни енгиллаштириш масаласини кўриб чиқишимиз лозим. Очиғини айтадиган бўлсак, барча вилоятларда бўлганимизда амин бўлдикки, вилоятларда ҳеч ким ниқоб тақмаяпти”, дейди Бош вазир.
LiveБарчаси