Тез ёрдам ҳайдовчисининг калтакланишига оид янги тафсилотлар очиқланди

Жамият

image

Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 27 февраль куни Тошкент шаҳри Сергели туманида тез ёрдам машинаси ҳайдовчиси калтакланган эди. Ҳолат юзасидан янги маълумотлар пайдо бўлди.

Қайд этилишича, томонлар воқеа бўйича ўз вариантларини айтган, бироқ уларнинг кўрсатмалари бир-бирини инкор қилади.

Тергов давомида ҳайдовчи кўрсатма берган. Жабрланувчининг сўзларига кўра, унинг бригадаси мурожаат келиб тушганидан 5 дақиқа ўтиб, бемор хонадонига етиб борган.

Уни калтаклаган эркакнинг баёноти эса бундан фарқ қилади. Эр-хотиннинг айтишича, тез ёрдам машинаси мурожаатдан 40 дақиқа ўтиб етиб келган. Шунингдек, фельдшер ва шифокор 43 ёшли беморнинг олдига келиб, уни кўздан кечирмаган, балки хона остонасида туриб ташхис қўйган. Бу эса маст ҳолатдаги 33 ёшли эркакнинг жаҳлини чиқарган. У тез ёрдам ходимларини ҳақорат қилган,  бундан қўрқиб кетган шифокор эса хонадонни тарк этган. Ўз навбатида фельдшер беморни кўздан кечирган, унинг қон босимини ўлчаган ва укол қилган.

Аммо бу ҳам уй эгасини тинчлантирмаган. У пастга тушиб, тез ёрдам машинасининг 53 ёшли ҳайдовчиси билан ёқалашган. Жанжалга сабаб бўлган эркакнинг айтишича, у ҳовуридан босилгач, шу куни уйига келган тез ёрдам бригадасидан кечирим сўрашга улгурган.

Ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг