Террорчиларнинг махфий ҳужжатлари, Саудияга визасиз қолган етти давлат - тонгги дайжест

Жамият

image

Жаҳон янгиликлари

Сурия. Ҳалаб ғарбидаги озод қилинган аҳоли пунктларидан бирида "Жабҳат ал-Нусра" террорчилик ташкилотининг турли гуруҳлари тўғрисида ва машғулот лагерларида тайёрланаётган жангариларнинг маошлари ҳақида маълумотлар мавжуд ҳужжат топиб олинди. Экстремистлар чекиниш пайтида ташлаб юборган ҳужжатлар орасида Ҳалаб яқинидаги “Таима” лагерида тайёрланган юзлаб жангариларнинг тахаллуси билан амалга оширилган молиявий ҳисоботлар ҳам бўлган.

Туркия. Мамлакат жума, 28 февраль куни Суриянинг Идлиб шаҳрида амалга оширилган ҳаво ҳужуми оқибатида ўнлаб турк ҳарбийсининг ҳалок бўлиши юзасидан НAТО билан маслаҳатлашувларни бошлайди. Идлибда Сурия ҳарбий-ҳаво кучлари томонидан уюштирилган ҳаво ҳужуми чоғида 33 нафар турк ҳарбийси ҳалок бўлган эди. Шундан сўнг, Туркия армияси Сурия қўшинлари позицияларига ҳаво ва ер усти ҳужумларидан жавоб қайтарди.

Колумбия. Мамлакат Бош прокуратураси Колумбиянинг Уругвайдаги элчиси Фернандо Санcментенинг, бир йил олдин унинг фермасида кокаин ишлаб чиқарадиган лаборатория ва тўққиз килограмм гиёҳванд моддаси аниқланганидан сўнг, мол-мулкларини мусодара этиш жараёни бошланганини эълон қилди. 2019 йилнинг 12 февралида прокуратура ходимлари томонидан ўтказилган рейд давомида кокаин гидрохлориди тайёрлаш учун олти килограмм реагент ва тўққиз килограмм тайёр кукун топишганди. Беш киши ҳибсга олинган. Хабар қилинишича, гиёҳванд моддаларининг кунлик ишлаб чиқариш ҳажми 15 килограммга етган.

Саудия Арабистони. Қироллик туризм вазирлиги коронавирус кенг тарқалган етти мамлакат фуқароларига электрон сайёҳлик визаси беришни тўхтатди. Бу давлатлар рўйхатига Хитой, Япония, Сингапур, Жанубий Корея, Малайзия, Италия ва Қозоғистон киритилди. Бундан ташқари, ушбу мамлакатларнинг илгари олинган сайёҳлик визаларидан ҳам фойдаланиб бўлмайди.

Украина. Мамлакатда мавсумий грипп касаллигидан 40 нафардан зиёд киши вафот этди. Бу ҳақида Украина ССВ раҳбари Виктор Ляшко маълум қилган. Унинг фикрича, гриппдан ўлим ҳолатларининг кўпайишига асососий сабаб, беморларнинг шифокорга ўз вақтида мурожаат қилмаганликларидир. Ўтган мавсум мамлакатда гриппдан 60 нафарга яқин одам ҳалок бўлгани таъкидланган.

Ўзбекистон хабарлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Педагогик таълим соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ, 2020/2021 ўқув йилидан абитуриентлар педагогика соҳасининг тегишли таълим йўналишларида касбий (ижодий) имтиҳонлар билан бирга мажбурий учта фандан тест синовларини топширадиган бўлди.

Ўзбекистон армияси тарихида илк марта ҳарбий унвон бериш ҳамда лавозимга тайинлаш бўйича округ қўмондонларининг ваколатлари кенгайтирилди. Эндиликда қўмондонлар кичик сержант, III даражали сержант, II даражали сержант, I даражали сержант ҳарбий унвонларидан ташқари, кичик офицерлар таркибига катта лейтенант ҳамда капитан унвонини бериш ҳуқуқига эга бўлади.

Жиззах шаҳри ва Шароф Рашидов туманида ички ишлар органлари, давлат хавфсизлик хизмати ҳамда божхона ходимлари ҳамкорлигида қалбаки спирт ва косметика маҳсулотлари тайёрланаётган 10 та нуқтада рейд ўтказилди. Рейд давомида қўлбола ароқ ёпиш ускунаси, 209 дона турли ҳажмдаги ароқ маҳсулотлари, 2012 дона шиша қопқоқлари, 2339 та акциз марка топилди. Жиззах шаҳри, Хайробод маҳалласи, Бойчибор кўчасида яшовчи фуқаронинг турар жойида ўтказилган тезкор тадбир давомида эса 370 литр спирт, 59 дона қўлбола ароқ, 2500 дона акциз марка олинган. Бундан ташқари 2862 дона қалбаки атир маҳсулотлари сақланаётгани аниқланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

102

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг