Террорчилар пул ўтказмаларини қайси компаниялардан амалга оширгани маълум бўлди
Жамият
−
08 Ноябрь 2019
6582Халқаро террорчилар молиявий операцияларни амалга ошириш учун “Western Union”, “American Express”, “PayPal”, “Яндекс.Деньги”, “VisaTransfer” каби электрон тўлов тизимларидан фойдаланган. Бу ҳақда жорий йилнинг 6-7 ноябрь кунлари пойтахт Тошкентда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Минтақавий аксилтеррор тузилмасининг (ШҲТ МАТТ) “Терроризмга қарши кураш – чегара билмас ҳамкорлик” мавзусидаги еттинчи халқаро илмий-амалий конференциясида айтилди.
Анжуманда ижтимоий ўзига хослиги боис мафкуравий таъсирга берилувчан ҳамда террорчилик ва экстремистик фаолиятга жалб қилишга мойил ёшларнинг радикаллашувига қарши кураш соҳасида тажриба алмашилди.
Мулоқот чоғида интернет тармоғидан террорчилик ва экстремистик мақсадларда фойдаланишга қарши кураш, ёт ғоялар тарқалишининг олдини олишда халқаро ҳамкорликни такомиллаштириш зарурлиги қайд этилди.
Ахборот алмашиш, терроризм хавфини аниқлаш, ўзаро келишилган тезкор амалиётлар кўламини кенгайтириш, чегара назоратини кучайтириш, аксилтеррор тузилмалар учун кадрлар тайёрлаш, ўқув машғулотларини ўтказиш, аксилтеррор ҳамкорликнинг халқаро ҳуқуқий-меъёрий асосларини такомиллаштириб бориш мақсадида ўзаро муносабатларни фаоллаштириш муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Конференция мажлисларида терроризмни молиялаштириш манбаларини аниқлаш ва уни бартараф этиш бўйича хатти-ҳаракатларни ҳар томонлама мувофиқлаштириш зарурлиги қайд этилди. Халқаро террорчиларнинг трансмиллий уюшган жиноятчилар билан ҳамкорликни кенгайтириш ҳисобидан даромад олгани, молиявий маблағларни тўплаш учун "Western Union", "American Express", "PayPal", "Яндекс.Деньги", "VisaTransfer" каби электрон тўлов тизимларидан, шунингдек, краундфандинг онлайн платформаси ва "Хавала" норасмий ҳисоб-китоб тизимидан фойдаланганига эътибор қаратилди.
ШҲТга аъзо давлатлар ваколатли органларининг амалий ҳамкорлик масалаларида илмий йўналишдаги шериклигини кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Трансмиллий хусусиятга эга террорчилик хавфи ортиб бораётган бир шароитда ШҲТ МАТТ томонидан ўтказилаётган анъанавий анжуман халқаро мулоқот учун қулай платформага айланди.
Иштирокчиларнинг аксилтеррор фаолияти бўйича фикр-мулоҳаза ва тажриба алмашиши халқаро ҳамжамият саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш, терроризм ва экстремизмга қарши курашда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшмоқда. Бу эса терроризм хавфи ўсиб боришини ҳар томонлама холис баҳолаш, уларга ўз вақтида жавоб қайтариш ва олдини олиш чораларини кўриш имконини беради.
ШҲТга аъзо давлатлар, кузатувчи ва мулоқот бўйича шерик мамлакатларнинг халқаро терроризмга қарши кураш соҳасида мувофиқлаштирилган ёндашувларни шакллантириши янги таҳдид ва хавф-хатарларга муносиб жавоб қайтариш чораларини кўришга кўмаклашади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь