Термиздаги “Алпомиш” мажмуасининг томи қулаб тушди
Жамият
−
08 Май 2022
11837Ижтимоий тармоқларда Термиз шаҳридаги “Алпомиш” спорт мажмуасининг томи қулаб тушгани акс этган видео тарқалди. Ушбу ҳодиса юзасидан Қурилиш вазирлиги расмий муносабат билдирди.
Унга кўра, жорий йилнинг 5 май куни Термиз шаҳри Алпомиш маҳалласи Навбаҳор кўчаси 1-уй манзилида жойлашган “Алпомиш” кураш мажмуаси биносида техноген тусдаги фавқулодда вазият содир бўлган.
Ҳодиса содир бўлган жой ўрганилганда қуйидагилар аниқланган:
- мажмуадаги кураш залининг умумий майдони 2 800 метр квадрат бўлиб, ҳозирги кунда кураш зали томининг тахминан 1 700 метр квадрат қисми бузилиб, ерга қулаб тушган;
- кураш залининг том қисми мураккаб конструктив ечимли бўлиб, “Кисловодск” типидаги фазовий металл конструкциялардан фойдаланилган;
- бузилган том қисми яроқсиз ҳолатга келган;
- кураш зали биноси 1999 йилда қурилган.
Том қулаши оқибатида кураш мажмуаси ходимлари соғлиғига ҳеч қандай зарар етмаган.
Айтиш жоизки, кеча, 7 май куни ушбу мажмуа томи қулагани акс этган видеолар тарқашни бошлагани заҳоти QALAMPIR.UZ журналисти Фавқулодда вазиятлар вазирлигига боғланиб, ҳолат юзасидан маълумот беришини сўраган. Бироқ вазирлик матбуот котиби ҳозир жавоб бераман деган-у, йўқолиб қолган.
Бундай ҳолатлар ФВВ билан биринчи маротаба бўлаётгани йўқ. QALAMPIR.UZ'нинг шу каби бир неча сўровлари шунчаки сўроқ остида қолиб кетган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь