Термизда янги институт ташкил этилади
Жамият
−
28 Октябрь 2021
6530Тошкент давлат аграр университетининг Термиз филиали негизида Термиз агротехнологиялар ва инновацион ривожланиш институти ташкил этилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев имзолаган “Термиз агротехнологиялар ва инновацион ривожланиш институтини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда қайд этилган.
Ҳужжатга кўра:
- Институтда 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб бакалавриат таълим йўналишларида таълимнинг кредит-модуль тизими босқичма-босқич жорий этилади. Бунда, талабалар учун ҳафтанинг шанба куни мустақил ўзлаштириш куни деб белгиланади;
- институтда 2022 йилда Жаҳон банки маблағлари ҳисобидан талабалар, магистрлар ва илмий изланувчилар ҳамда ёш профессор-ўқитувчиларнинг илмий ишланмалари асосида лойиҳалар стартапларини яратиш ва амалиётга татбиқ этиш билан шуғулланувчи “IT-инкубатор” илмий инновацион маркази ташкил этилади;
- институтда 1 та янги бакалавриат таълим йўналиши ҳамда 8 та магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади. Хусусан, доривор ўсимликлар, ўсимликларнинг ҳимояси, селекция ва уруғчилик, сабзавотчилик ва полизчилик, шоличилик, агрокимё, агрономия каби мутахассисликларда кадрлар тайёрланади;
- институт фаолияти Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан мувофиқлаштирилади.
Бундан ташқари, институт фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгиланган:
• Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;
• тўлов-контракт асосида ўқитишдан тушадиган маблағлар;
• хўжалик фаолиятидан ва шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган тушумлар;
• халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг грантлари;
• жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
• қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
LiveБарчаси