Темза дарёсининг манбаи биринчи маротаба қуриб қолди

Олам

image

Англиядаги Темза дарёсининг манбаи тарихда биринчи марта мамлакатни қамраб олган рекорд даражадаги юқори ҳарорат фонида қуриб қолди. Бу ҳақда “The Guardian” газетаси Англия, Уэльс, Шимолий Ирландия ва Ирландия Республикасидаги чучук сув экотизимларини сақлаш ва ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи “Rivers Trust” экологик ташкилотига таяниб хабар берди.

Қайд этилишича, ҳозир дарёнинг манбаи Темзанинг расмий туғилган жойи – Англия жануби-ғарбий қисмидаги Глостерширдаги Киренсестер шаҳри яқинидаги қуруқликдан 5 миля (8 км) пастга силжиган. 

"Узоқ давом этган қуруқ об-ҳаводан сўнг Глостерширдаги Темза дарёси қуриб қолди ва заиф оқим Самфорд-Кайнсдан беш миля пастга туша бошлади. Бизнинг иқлимимиз ўзгарганлиги сабабли, биз қурғоқчилик ва сув танқислиги даврларининг частотаси ва жиддийлигини кутишимиз мумкин", дейди “Rivers Trust” сиёсат ва фан масалалари бошлиғи доктор Роб Коллинз.

Глостершир шаҳридан бошланган Темза дарёсининг узунлиги 330 км бўлиб, Британия пойтахтидан шарқда Шимолий денгизга қуйилади. У Британиянинг бир қанча шаҳарларидан, жумладан Виндзор, Оксфорд, Лондондан ўтади, бу ерда унинг кенглиги 250 м гача етади.

Айтиш жоизки, Қироллик Метеорология хизмати жорий йилнинг июль ойи Англия учун сўнгги 111 йилдаги энг қурғоқчил бўлганини маълум қилган. Англия ҳудудига тахминан 16 мм ёғингарчилик тушган – охирги марта 1911 йилда кузатилган июль ойидаги ўртача кўрсаткичдан чорак баравар кам. Бутун Буюк Британия учун бу июль 984 йилдан бери энг қурғоқчил йил бўлди.

Шу сабабли, ҳокимият сувдан фойдаланишга маҳаллий чекловлар жорий қила бошлади. Шундай қилиб, жануби-шарқий Англиянинг сув таъминоти учун масъул бўлган Британиянинг “South East Water” компанияси минтақалар аҳолиси ёзги жазирама пайтида фаол фойдаланадиган "боғ шланглари ва суғориш мосламаларидан фойдаланиш" имкониятини вақтинча чеклади. Лондонда ҳам худди шундай чоралар жорий этилиши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

216

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг