Темир Майк Тошкентда!

Спорт

Америкалик афсонавий боксчи, оғир вазнда профессионаллар ўртасида барча энг муҳим камарларни қўлга киритган, Флойд Мейвезергача дунёнинг энг кўп маош оладиган боксчиси бўлиб келган Майкл Жерард Тайсон Тошкентда бўлиб турибди. У 16 ноябрга ўтар кечаси соат 2:30 ларда Тошкент Халқаро аэропортида кенг жамоатчилик томонидан қарши олинди. Тахминан 20 соатлик парвоздан толиқиб келган "Темир" Майк Ўзбекистонда ОАВ билан кўришишни истамади. Ўнга яқин қўриқчилар кузатуви остида QALAMPIR.UZ унга фақат биттагина савол билан мурожаат қилишга имкон топди.

Ўзбекистонда ўтказилаётган бу тадбирдан нималар кутяпсиз?

“Мен ҳозир айнан бир нима дея олмайман. Мен бу ерда биринчи марта бўлишим. Йўқ, узр, Ўзбекистонга учинчи марта келишим. Бу ердаги инсонларни биламан. Эски дўстларим билан кўришаман деб умид қиляпман”, дейди Тайсон.

Соат тунги учга яқинлашганига қарамай Тайсоннинг Тошкентга келганидан кўпчилик хабар топди ва у катта оломон қуршовида меҳмонхонага йўл олди. Ҳарбий оркестрнинг куй-наволари-ю, чиройли гулдасталар Тайсонни умуман қизиқтирмасди, чунки у ҳақиқатдан жуда чарчаганди, боз устига 57 ёшли қарияни самолётда 20 соат парвоз қилишини тасаввур қилаверинг.

Тайсон меҳмонхонага бориб жойлашди. 16 ноябрь куни Тошкентда уни бир нечта тадбирлар кутиб турарди.

16 ноябрь “Темир” Майк азалий рақиби Эвандер Холифилд билан WBC'нинг йиллик 61-Конвенцияси доирасидаги тадбирда иштирок этди. Тушклик вақти бўлди. Икки афсона икки хил манзил томон йўл олди. Эвандер Холифилд бор таркиб Ўзбекистон Паралимпия қўмитасининг базмига йўл олган бўлса, Ўзбекистон Профессионал бокс федерацияси вице-президенти Ғофур Раҳимов бошлигидаги Тайсонга ҳамроҳ гуруҳ Тошкент шаҳридаги ресторанлардан бирида миллий таомлардан баҳраманд бўлди.

Холифилд Ўзбекистон халқ артисти Фаррух Зокировнинг “Омон ёр” ва “Жиннуни”ларига рақсга тушаётган бир пайтда, Тайсон Тошкентдаги брендларнинг рекламаларида иштирок этгани ҳақида ижтимоий тармоқларда видеохабарлар пайдо бўлди.

17 ноябрь. Икки бокс афсонаси Ўзбекистон Паралимпия қўмитасида терма жамоа аъзолари ҳамда меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари билан учрашди. Жаҳон юлдузлари пара спортчиларга ва тарбияланувчиларга ўзларининг оғир ҳаёт йўли ҳақида гапириб, ҳаёт синовларида бош эгмаслик кераклигини айтиб ўтди. Ҳозирча Тайсоннинг Тошкентдаги саёҳатлар хронологияси ана шундай кўринишда давом этмоқда. “Темир” Майк ва Эвандер Холифилд бугун “Ҳумо арена”да ўтказиладиган профбокс оқшомида иштирок этади. Бизда ҳозирча шу. Воқеалар ривожини QALAMPIR.UZ саҳифаларида кузатиб боринг!


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг