Telegram қоидаларини бузганларнинг маълумотлари тегишли органларга берилиши мумкин
Технология
−
23 Сентябрь
7550Telegram асосчиси Павел Дуров мессенжер қоидаларини бузганларнинг IP манзиллари ва телефон рақамлари қонуний талабга мувофиқ тегишли органларга берилишини маълум қилди. Бу ҳақда у ўз каналида ёзди.
“Telegram’да қидирув бошқа хабар алмашиш иловаларига қараганда кучлироқ, чунки у фойдаланувчиларга умумий каналлар ва ботларни топиш имконини беради. Афсуски, бу хусусиятни ноқонуний товарларни сотадиганлар суиистеъмол қилмоқда”, дейилади унинг хабарида.
Қайд этилишича, сўнгги бир неча ҳафта ичида сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда махсус модераторлар жамоаси Telegram қидирувини анча хавфсизроқ қилган. Қидирувда аниқлаган барча муаммоли контентга энди кириш имкони мавжуд эмас. Агар фойдаланувчилар Telegram қидирувида хавфли ёки ноқонуний бирор нарсани топса, бу ҳақда @SearchReport орқали хабар бериш мумкин.
“Жиноятчиларнинг Telegram Search хизматини суиистеъмол қилишларини олдини олиш учун биз хизмат кўрсатиш шартлари ва Махфийлик сиёсатимизни янгиладик ва улар бутун дунё бўйлаб изчил бўлишини таъминладик. Қоидаларимизни бузганларнинг IP манзиллари ва телефон рақамлари қонуний талабларга жавобан тегишли органларга ошкор қилиниши мумкинлигини маълум қиламиз”, деб ёзади Дуров ўз Telegram-каналида.
Билдирилишича, бу чоралар жиноятчиларни қўрқитиши зарур. Telegram қидируви ноқонуний товарларни тарғиб қилиш учун эмас, балки дўстлар ва янгиликлар топиш учун мўлжалланган. Деярли бир миллиард фойдаланувчига эга платформанинг яхлитлигини ёмон ниятли одамлар хавф остига қўйишига йўл қўйилмайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Telegram асосчиси Павел Дуров ҳибсга олинганидан сўнг мессенжер маъмурияти бутун дунё ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг сўровларига фаолроқ жавоб бера бошлагани хабар қилинган эди.