Теледебатлар: кун тартибида ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари
Бизнес
−
23 Октябрь 2021
5066Дебатлар партиялар Ўзбекистон ташқи сиёсати ва хавфсизлиги масалаларига бефарқ эмаслигини кўрсатди.
Бундан атиги беш йил олдин Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати борасидаги қарашлар, фикрлар фақатгина маълум бир идоралар ва ташкилотлар томонидан ўта ёпиқ ҳолда ҳал қилинган бўлса, бугунги кунда бу борадаги ўзгаришлар барча сиёсий институтларнинг ҳам вазифасига айланганини кўришимиз мумкин. Илгари сиёсий партияларнинг ташқи сиёсат ҳақидаги қарашлари маълум бир фикрлар билангина чекланган бўлса, ҳозирда бу борада улкан ўзгаришлар рўй берди ва бу ҳолатлар сиёсий тарғибот ва сайловолди жараёнларда аниқ намоён бўлди.
Мутахассис сифатида партиялараро дебатнинг ташқи сиёсат ва хавфсизлик мавзусига бағишланган сонини диққат билан кузатдим. Бу галги теледебатлар яқин-яқинларгача ўта ёпиқ бўлган ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалаларига бағишлангани билан ажралиб турди.
Бу бир томондан партияларнинг потенциалини намоён этса, иккинчи томондан эркин жамоатчилик кўз ўнгидаги курашлар натижасида улар тобланади. Жамоатчиликнинг сиёсий онги ва маданияти ошади, пировардида бундай масалаларни янада кенгроқ ва мукаммалроқ муҳокама қилишга замин ҳозирланади. Эртага сайловларда қайси партия номзоди ютиб чиқишидан қатъий назар, теледебатларда илгари сурилган концептуал ғоялардан амалиётда фойдаланади.
Теледебатни кузатиб, муҳим бир масалага эътибор қаратдим. Бу Марказий Осиё масаласида партияларнинг ягона консенсусга эга эканлиги. Яъни, уларнинг ҳаммаси Марказий Осиё ташқи сиёсатимизнинг устувор йўналиши эканлигини эътироф этишди. Хуллас ташқи сиёсатдаги қўшнилар билан аҳил қўшничилик сиёсати ҳаммани қизиқтиради ва кўпчиликка манзур.
Теледебатда ёндашувлар турли-туманлиги, ҳатто, бир-бирига бутунлай зид позициялар илгари сурилганига гувоҳ бўлдик. Масалан, қочқинлар масаласида ХДП вакили уларни Ўзбекистонга киритмаслик. Ёки миллий хавсизликка таҳдид сифатида Экопартия номзодининг вакили Орол муаммосини, ХДП вакили ахборот хуружи масаласини, “Миллий тикланиш” вакили маънавиятга таҳдидни, қолган партиялар комплекс таҳдидларни эътироф этдилар.
5 та сиёсий партия дастурлари билан танишиб чиқиш асносида айтиш мумкинки, мамлакатимизнинг дунёдаги ривожланган давлатлар билан яқин алоқалари бобида ЎзЛиДеП ва “Адолат” СДП партияси номзоди вакилларининг бу борадаги ёндашувлари менга ёқди. “Адолат” СДП вакили масалага янада чуқурроқ ёндашиб, ривожланган ғарб билан энг замонавий технологиялар борасида ҳамкорликни кучайтириш масаласини кўтарди.
Ташқи сиёсат масалалари муҳокама қилинган дебатда кўпчилик сайловчиларимиз Ўзбекистонга қўшни мамлакат бўлмиш Афғонистонда сўнгги пайтларда рўй берган воқеалар, хусусан афғон заминидан АҚШ қўшинларининг олиб чиқиб кетилиши, Афғонистонда ҳокимият алмашинуви ва унинг натижалари юзасидан партиялар позицияларининг очиб берилишини кутганликлари табиий. Партиялар номзодлари сайловолди дастурлари ҳамда дебатда иштирок этган мутахассислар ва экспертларнинг чиқишларидан келиб чиқиб айтиш жоизки, аксарият сиёсатшунослар учун ҳам “нозик” бўлган афғон масаласи барча партиялар дастурларида тўғри талқин этилмаган ва партиялар Афғонистон масаласига доир ўз таклиф-ташаббуслари ҳамда партиявий позицияларини шакллантиришда тизимли ёндашмаганликлари маълум бўлади.
ЎзЛиДеП номзоди вакилининг чиқишида мамлакатимизнинг қўшни Афғонистон заминида тинчлик ва осойишталикни таъминлашга, жафокаш афғон халқига барча ёрдамни кўрсатиш таклифини ушбу қўшни давлат билан айни пайтда олиб бораётган сиёсатимизнинг мантиқий давоми сифатида баҳоласак бўлади. Бу борада “Термиз – Мозори Шариф – Қобул – Пешовар” темир йўлининг қурилиши ҳамда энергетика, савдо ва саноат соҳаларидаги стратегик ва муҳим лойиҳалар ҳамкорликда амалга оширилишини илгари суриш орқали Афғонистонга катта муаммо ва хавф-хатар ўчоғи сифатида қарашдан воз кечиб, ушбу замин Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларида муҳим кўприк вазифасини бажариши кутилаётганлигини англаш мумкин.
Баҳсларда барча партия вакиллари хорижга вақтинча ишлашга кетган ватандошлар билан алоқани мустаҳкамлаш зарур, деб таъкидлашди. Тўғрисини айтганда айрим партиялар томонидан юқоридаги муаммолар бўйича аниқ механизмлар очиб берилмади. Масалан, “Адолат” СДП доимгидек ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, деган умумий гапдан нарига ўтмади, “Миллий тикланиш” партияси эса яна хориждаги ватандошларнинг молиявий имкониятларидан фойдаланиш масаласини кўтариб чиқди. ХДП партияси бундай муаммоларга халқ дипломатиясини ривожлантириш орқали ечим топиш мумкинлигини таъкидлади. ЎзЛиДеП эса Алишер Навоий номли халқаро институтни шакллантириш орқали ватандошлар билан алоқаларни ўрнатиш мумкин, деган ғояни ўртага ташлади.
Сўнгги йилларда Марказий Осиё минтақасида ташқи иқтисодий муносабатлар жадаллашди, бунда Ўзбекистон билан хорижий мамлакатлар ўртасида ўзаро манфаатли алоқалар ўрнатилди. Сиёсий партиялар ҳам теледебатлар давомида мазкур масала юзасидан ўз фикрларини билдиришди. “Миллий тикланиш” партияси Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишни тезлаштириш, Марказий Осиё мамлакатлари, жумладан Афғонистон билан ҳам яқин иқтисодий ва сиёсий муносабатлар йўлга қўйишга эътибор қаратди. Бироқ, мазкур партиялар томонидан илгари сурилган таклифларни амалга ошириш механизми аниқ ва равшан ифода этилмади. Шу ўринда, ЎзЛиДеП мазкур масала юзасидан Ўзбекистоннинг Марказий Осиё бўйича минтақавий ҳамкорлик стратегиясини ишлаб чиқишни таклиф этди.
Бу галги дебатларда партияларнинг сиёсатга қизиқиши ортганлиги, уларнинг маълум бир сиёсий билимлари шаклланганини кўришимиз ҳам мумкин.
Умуман олганда, дебатда ташқи сиёсат билан боғлиқ масалаларнинг муҳокама қилиниши фуқаролик жамияти сари қўйилган навбатдаги қадам, десак муболаға бўлмайди.
Журналист Бобур Обидов
LiveБарчаси