Туркия янги ҳарбий техникаларини намойиш қилди
Таҳлил
−
07 Май 2023
11207Туркиянинг ташқи ва ички сиёсати, маданияти, кино саноати, иқтисодиёти ва туристик имкониятлари ҳақида кўп эшитгансиз. Аммо унинг ҳарбий имконияти, қуролли кучлари сафидаги самолёт, вертолётларидан, янги технологиялардан қай даражада хабардорсиз?
Булар ҳақида билиш учун китоб варақлаш, узоқ вақт давомида интернетдан маълумот ахтаришингиз шарт эмас. Шунчаки, Туркияда бўлиб ўтадиган TEKNOFEST деб номланувчи фестивалда иштирок этсангиз кифоя.
Туркиянинг ушбу энг йирик авиация, аерокосмик ва технология фестивали дастлаб Истанбул аеропортида 2018 йил сентябрь ойида Туркия технология жамоаси жамғармаси (Т3) томонидан хусусий компаниялар, вазирликлар ва академик муассасалар билан ҳамкорликда ўтказилган. Фестивалнинг асосий мақсадлари жамиятда технология ҳақида жамоатчилик хабардорлигини ошириш ва миллий ишлаб чиқаришнинг аҳамиятига эътиборни қаратишдир.
Ҳа, Туркия ҳеч қачон ўз имкониятларини яшириб ўтирмайди. Аксинча, улар билан фахрланишни хуш кўради. Шу мақсадда ҳар йили бир неча кун давом этадиган технологиялар ва ҳарбий самолётлар, дрон қурилмалари намойиш қилинадиган TEKNOFEST фестивалини ўтказиб келади.
Шунингдек, ташриф буюрувчилар Solo Turk ҳамда Turk Yildizlari учувчилар гуруҳининг ҳаводаги атробатика намойишларидан, авиашоулардан баҳраманд бўлди.
Hurkush, Atak Helicopter, Solo Turk, Turk Yildizlari, GYROCOPTER, Aksungur, Gokbey, AB412 va S70 Steel Wings каби вертолёт ва учувчи қурилмалари ҳавога кўтарилди.
Қолаверса, статик кўргазма майдонида BAYRAKTAR MİUS KIZILELMA namoyish etildi, Hurjet, Akıncı, F-16, F-4, AS-532 EuroCopter, T-38, CN-235 CASA (HVKK), CN-235 CASA, ATAK – II, Hurkush, TB-2, AB 412, ANKA, GÖKBEY, Beli 429 va MMU каби ҳарбий вертолёт, самолёт ва учувчисиз қирувчи самолётлар намойиш этилиб, ташриф буюрувчилар уларни ушлаб кўриши, улар ҳақида маълумот олиши ва суратга тушиши учун барча шароитлар яратилди.
Буларни қаердан биласиз, дейсизми?
Чунки 27 апрелда Истанбулнинг Отатурк аеропортида бошланган, Туркиянинг 100 ёшли юбилейига аталган 2023 йилги ушбу TEKNOFEST’га борган 2 миллионга яқин меҳмонлар орасида биз ҳам бор эдик.
1. Bayraktar Kizilelma
Бу йилги фестивалнинг энг катта янгилиги Bayraktar Kizilelma товушдан тез учувчи реактив самолётидир.
Унинг асосчиси муҳандис, “Baykar Makina” компанияси директори Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг куёви, Селчук Байрактар бўлиб, у 2021 йил 4 августида Аерокосмик саммит тадбирида Kizilelma’нинг хусусиятларини санаб берган эди. Уни синаб кўриш бахти эса 2023 йилги TEKNOFEST’га тўғри келди.
Унинг максимал учиш оғирлиги тахминан 6000 кг ни ташкил қилади, шундан 1500 кг дан ортиғи фойдали юкдир ва битта турбофан билан жиҳозланган.
Ундаги ўқ-дорилар сиғими 1 тоннага тенг. Катапулт ёрдамисиз тутқичлар ва илгаклар орқали учиш ва қўниш хусусиятлари интеллектуал флот автономияси, агрессив манёвр қилиш имконияти, яширувчанлик, душманнинг ҳаво мудофаасига бостириб кира олиш қобилияти, ракета ҳужумларидан сақланиш ва стратегик ҳужумларни амалга ошириш, парвоз самарадорлиги каби бир қанча хусусиятлари мавжуд.
2. ТБ3 учувчисиз самолёти
Шунингдек, жорий йилги TEKNOFEST’нинг асосий янгиликларидан бири Байкар компанияси томонидан ишлаб чиқарилган оғирлиги 280 килограмли ТБ3 учувчисиз учиш қурилмаси, яъни дрон бўлиб, у ўзи билан 1,5 тоннагача бўлган снарядларни олиб юролади. Мазкур ҳарбий қурилма хавфсизликни таъминлаш ва Туркиянинг ҳарбий имкониятларини ошириш учун хизмат қилиши айтилмоқда.
3. “Altay” танки
Навбатдаги янгилик билан танишинг. Туркия энди ҳарбий танклар ҳам ишлаб чиқаради. Ҳарбий саноатнинг оғир тури ҳисобланган танклар ишлаб чиқарувчидан катта машаққат ва аниқ ҳисоб-китобларни талаб қилади. Махсус турк танки эса мана шу талабларга жавоб бера олиши айтилмоқда. TEKNOFEST’да намойиш қилинган “Altay” танки намунаси Президент Эрдўғаннинг айтишича, унинг ўн йил аввал тақдим этилган прототипидан бутунлай бошқача ва устун имкониятларга эга.
Айтилишича, танкнинг янги версиясида зирҳ дизайни яхшиланган ва Akkor фаол ҳимоя тизими қўшилган. “Altay”нинг оғирлиги 65 тоннани ташкил этади. У Javelin каби танкга қарши ракеталарга ҳам бардош бера олиши айтилмоқда. Жанговар машина 1919-1923 йилларда Туркиянинг мустақиллик урушида қатнашган генерал Фаҳреттин Алтай хотирасига шу ном билан аталган.
Таъкидланишича, танк деярли бутунлай Туркия мудофаа корхоналари томонидан ишлаб чиқилган. Қуролларнинг алоҳида элементлари, шу жумладан, ўқлари ҳам Жанубий Кореянинг HYUNDAI компаниясидан мамлакатга берилган лицензиялар асосида ишлаб чиқаришга қарор қилинган.
Altay танкининг янги версиясини ишлаб чиқарувчиси Туркиянинг “BMC Defense” компаниясидир. Танкдаги ёнғинни назорат қилиш компьютер тизими ёрдамида амалга оширилади.
Биринчи босқичда 250 та танк ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Анқара жами мингта жанговар машина ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда. Келажакда масофадан бошқариладиган версияларни чиқариш режалаштирилган.
Altay танки гарчи бу йилнинг ўзидаёқ TEKNOFEST’да намойиш қилинган бўлсада, уни синовдан ўтказиш 2024 йилда якунланиши режалаштирилган, 2026 йилнинг иккинчи ярмида эса маҳаллий танкни оммавий ишлаб чиқариш бошланади.
4. TOGG турк миллий электромобили
TEKNOFEST’нинг тўртинчи янгилиги бу TOGG турк миллий электромобилидир. Кўргазма майдонига қўйилган мазкур автомобиль томошабинлар учун барча имкониятларини ишга солади. Одамлар навбат кутиб айнан шу турк миллий электромобили билан танишишга, унинг ичига ўтириб кўриш, функцияларини текширишга ҳаракат қилди.
Электромобиль 218 от кучига эга бўлиб, икки хил батарея варианти билан 314 ва 523 километр масофани босиб ўтиши мумкин. Батареялар 28 дақиқадан камроқ вақт ичида 20 дан 80 фоизгача қувватланиши мумкин. Шунингдек, электромобилнинг иккинчи версияси жорий йилнинг октябрь ойида тақдим этилиши айтилмоқда.
Унинг нархи эса 1 миллион 55 минг лира (тахминан 55 минг 600 доллар), узоқ масофали модели эса 1 миллион 215 минг лира (тахминан 64 минг доллар)ни ташкил қилади.
Эрдўған худди шу электромобилдан Ўзбекистон Президенти Мирзиёев ва Озарбайжон Президенти Алиевга ҳам совға қилганди.
Қолаверса, Селчук Байрактар эндиликда Туркиянинг космосга чиқиш нияти борлигини, бунинг учун маҳоратли ёш космонавтлар орасидан икки нафари танлаб олинганини айтиб ўтди.
Хуллас, 2023 йилги TEKNOFEST аввалги йилларда бўлиб ўтган фестивалларга қараганда анча янгиликларга бой ва шов-шувли бўлди. Селчук Байрактарнинг оташин нутқи, касал экани айтилган Эрдўғаннинг кўриниш бериши, унга Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг ҳамроҳ бўлгани ва ҳоказолар фестивал мазмунини янада бойитди дейиш мумкин.
Энг муҳими, Туркия энди нафақат сиёсий, иқтисодий, туристик томонлама, балки мана ўзингиз юқорида гувоҳи бўлганингиздек, ҳарбий технологиялар томонлама ҳам ривожланмоқда. Албатта, яхши маънода Туркиянинг ҳеч қачон бундай жанговор ва қирувчи ҳарбий техникаларга иши тушмасин деб қоламиз. Аммо эндиликда одамлар уларни ўз кўзи билан яқиндан кўриб, ушлаб танишиш имкониятига эгалар. Уларнинг ҳарбий томонлама тушунчалари ошмоқда. Бутун мамлакат технологик ривожланишга ақлан ва жисмонан тайёрланмоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь