Техасликлар 80 қаватдан иборат маҳалла қуради
Бу қизиқ
−
30 Ноябрь 2022
69892023 йилнинг ёзида АҚШнинг Техас штатидаги Остин шаҳрида “Wilson Capital” деб номланган 80 қаватли вертикал маҳалла қурилади. Бу ҳақда бинони лойиҳалаштирган бош архитектор Бред Уилкинс CNN телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
Вертикал маҳаллалар ўзида ҳам турар-жой, ҳам жамоат биноларини мужассам этади. Бундай мажмуадан мавжуд маҳаллаларда бўлгани каби нонвойхона, савдо дўконлари, кичик мактаб ва болалар боғчаси ҳамда хонадонлар жой олади.
“Бизнинг мақсадимиз энг баланд бино қуриш эмас, балки одамларга қулайлик яратиш. Вертикал маҳаллаларнинг ўзига хос жиҳати одамларни бир-бирига яқинлаштирадиган турмуш тарзидир. Мисол учун, мен ҳар куни лифтда, кўчада, йўлакларда янги одамлар билан учрашаман ва улар билан суҳбатлашаман. Биз лойиҳани яратаётганда мана шундай қадриятларни инобатга олдик”, дейди архитектор Бред Уилкинс.
Бу иншоот Техасдаги энг баланд турар-жой биноси бўлиши айтилмоқда. Бино 450 та турар-жой хонадонидан иборат бўлиб, юқори тежамкор қувват манбайи билан таъминланади. Бинонинг ташқи қопламасида қуёш ва шамолдан ҳимояловчи махсус бўёқ ҳам қўлланилади.
Маълумот учун, ҳозирда Остин шаҳрида энг баланд бино “JPMorgan Chase” минораси бўлиб, баландлиги 300 метрни ташкил қилади. “Wilson Capital” вертикал маҳалласи эса бу бинодан 10 метр баланд бўлади.
Нурмуҳаммад Файзуллаев
LiveБарчаси