ТДЮУнинг ихтисослаштирилган факультети очилди
Жамият
−
06 Сентябрь 2019
4898Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида юридик кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича Тошкент давлат юридик университетининг Ихтисослаштирилган филиали ташкил этилди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар берди.
Кеча, 5 сентябрь куни ушбу Ихтисослаштирилган филиалда янги ўқув йилининг бошланишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Филиалда “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш” соҳа мутахассислиги бўйича юридик кадрларни тайёрлаш кундузги таълим шаклида бакалавриатнинг махсус уч йиллик дастури бўйича белгиланган намунадаги диплом берилган ҳолда амалга оширилади.
Унда юридик кадрларни тайёрлашга ёши ўн саккиздан кичик ва йигирма бешдан катта бўлмаган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари тест синовлари асосида ўқишга қабул қилинади. Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятида доимий пропискада бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларидан юридик кадрларни тайёрлаш бўйича ўқишга ҳужжат топширишда умумий ўрта таълим (11-синф негизида) ёки ўрта-махсус, касб-ҳунар маълумотига эга, соғлиғининг ҳолати бўйича ходим ёки ҳарбий хизматчининг хизмат мажбуриятларини бажаришга қодирлигига эътибор берилади. Ўқишга қабул қилишда талабгор бўйининг баландлиги махсус антропометрик параметрларга жавоб бериши, яъни эркакларга – 165 сантиметрдан, аёлларга – 160 сантиметрдан паст бўлмаслиги талаб этилади.
2019/2020 ўқув йилида жами 268 нафар талабалар ўқишга қабул қилинди. Филиал дипломининг мавжудлиги ички ишлар органларига Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академиясида махсус касбий тайёргарликни ўтмасдан, «лейтенант» махсус унвони берилган ҳолда хизматга қабул қилиш учун асос бўлади. Филиалда ўқишни тамомлаганлар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш тизимида камида 5 йил ишлаб бериш мажбуриятини оладилар.
Эслатиб ўтамиз, мазкур филиални ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 февралдаги “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь