Тайванда 7,2 магнитудали зилзила содир бўлди
Олам
−
19 Сентябрь 2022
5664Кеча, 18 сентябрь куни Тайваннинг аҳоли кам яшайдиган жануби-шарқий қисмида 7,2 магнитудали зилзила содир бўлди. Расмий маълумотларга кўра, воқеа натижасида қурбон бўлганлар йўқ.
Ер силкинишини АҚШ геология хизмати 7,2 магнитудали деб қайд этган бўлса, Тайвань ҳукумати ер силкинишини 6,8 магнитудали деб баҳолаган. Зилзила эпицентри оролнинг шарқий соҳилидаги Хуалян округида, 10 километр чуқурликда жойлашган.
Тайвань ўт ўчириш департаментининг маълум қилишича, Юли шаҳрида қулаб тушган маиший дўкон жойлашган бинодан тўрт киши қутқарилган, кўприклар жиддий зарарланган. Департамент маълумотларига кўра, 600 дан ортиқ одам йўллар ўпирилиши натижасида Чике ва Лиушиши тоғли ҳудудларида қолиб кетган, бироқ жабрланганлар йўқ ва ҳозирда қутқарувчилар йўлларни очиш устида ишламоқда.
Тайвань темир йўллари маъмуриятининг маълум қилишича, Тайвань шарқидаги Донгли станциясида платформа томининг бир қисми қулаб тушганидан кейин вагонлар рельсдан чиқиб кетган, бироқ жароҳатланганлар йўқ.
АҚШнинг Тинч океанидаги цунами ҳақида огоҳлантириш маркази зилзиладан кейин Тайванни огоҳлантирган, аммо кейинроқ огоҳлантиришни бекор қилган. Кейинроқ Япония об-ҳаво агентлиги Окинава префектураси учун цунами хавфи ҳақида огоҳлантиришни бекор қилган.
Йирик заводлар жойлашган жанубий Тайвань ва Каосюнг шаҳарларидаги илмий парклар фаолиятга ҳеч қандай таъсир кўрсатмагани айтилди.
Маълумот ўрнида, Тайвань иккита тектоник плиталарнинг туташган жойи яқинида жойлашган ва зилзилага мойил ҳудуд ҳисобланади. 2016 йилда Тайвань жанубида юз берган зилзила оқибатида 100 дан ортиқ одам ҳалок бўлган, 1999 йилда эса 7,3 магнитудали зилзила 2000 дан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь