Ташанов Омбудсман Каримов давридагидек тизимга қайтганини айтди

Таҳлил

07

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) билан ораларида “қора мушук” ўтганининг сабабини айтди.

Аввалроқ, унинг QALAMPIR.UZ сайтида эълон қилинган Навоийдаги 4-сон жазони ижро этиш колониясидан ўлиги чиққан Оятулло Махсумовнинг вафоти ҳақидаги “Ичкаридаги ишлар”  махсус филмида Ўзбекистон турмаларида маҳкумларга нисбатан қийноқлар, Омбудсман билан гапи бир жойдан чиқмай қолгани ҳақидаги фикрлари Омбудсманнинг “жаҳлини чиқарганди”.

“QALAMPIR.UZ ва менинг қийноқлар, уларнинг авж олаётгани хусусидаги мулоҳазаларимиз бу идорани ранжитибди. Мен уларнинг юксак ишончини суиистеъмол қилиб, берилган сўз эркинлиги имкониятларидан фойдаланиб, жамоатчилик орасида Омбудсман фаолиятига ишончсизлик туғдираётган эканман”, дея ёзиб қолдирган Ташанов ўзининг Facebook саҳифасида.

Шунингдек, ҳуқуқ фаоли Омбудсманнинг унга нисбатан билдирган фикрларини “шантаж” деб атаган ва  унинг “айб”лари Омбудсман томонидан яқинда журналистларга тарқатилишини “бош устига” дея қабул қилган.

“Омбудсман ўтган йили мени ўзи билан бир-икки қамоқхоналарга олиб борди. Бош прокурорлар [Рашид Қодиров, Ихтиёр Адбуллаев] воқеаси кўпчиликнинг эсида бўлса керак – менинг улар ҳақида гапирганим ёқмабди катталарга. Бу йил ходимимиз Беҳзод Нурматов Омбудсман билан бирга қамоқхоналарда бўлиб қайтди. Блогер Отабек Сатторий ҳамда Фозилхўжа Орифхўжаев хусусида хабар бердик, журналистлар ажиотаж қилишди. Айбимиз шу!

Омбудсман идораси аввал илтимос, сўнг босим қилиб, материалларимизни ўчиртиришди. Биз албатта улардан сўраб ёзишимиз, гапиришимиз керак экан. Устимиздан жиноят иши қўзғаттириш билан пўписа қилишди, тушунтириш хатлари ёздириб олишди. Маҳкумлардан бизга қарши шикоят ёздириб олиш ўзларига писта чақишдек гап эканини айтиб, қўрқитишмоқчи бўлишди”, деган Абдураҳмон Ташанов.

Шунингдек, у Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига шу давргача яқиндан ёрдам бериб, унинг хатоларини ичга ютиб келганини қўшимча қилган. Бунинг учун хориждаги айрим дўстлари Ташановни ҳукуматга сотилганликда айблаган ҳам.

“Расмий мажлисларда Омбудсман институтини ривожлантириш, уларнинг ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш ва бюджетини кескин ошириш ҳақида гапириб келдик. Лекин негадир бу гапларимиз, кулгили бюджет ҳақидаги талабларимиз ўша пайтда ҳам бу идорага ёқмасди. Энди тушунмоқдаманки, ҳозирги жамоага иш ҳам, маблағ ҳам керакмас экан. Нега?

Журналистлар ва биз қийноқларнинг кўпаяётганидан ташвиш билдиряпмиз, келтираётган иддаоларимизни ўрганиши керак бўлган бу мулозимлар бўлса, қийноқ йўқ, ҳаммаси жойида, деб бизни маргиналлаштиришга уринмоқда”, деб таъкидлаган инсон ҳуқуқлари фаоли.

Пост якунида Ташанов Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг ҳозирги фаолиятини Биринчи Президент Ислом Каримов давридаги фаолияти билан таққослаган.

“Каримов замонида ҳам шундай эди: гўё, Омбудсманга кўра, ҳаммаси зўр – “Эзгулик” эса ғаламис, ичиқора ва саводсиз эди. Орада бирпас ана шу маргиналлар билан ҳамкорлик қилишди, қарашса, оркестрга мос эмасмиз.

Эшматова бошчилигидаги Омбудсман ўша пайтлардаги идоранинг “нуфузи” ва иш юритиш услубларини тиклади. Офарин!”, деган Абдураҳмон Ташанов.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ QALAMPIR.UZ шу йилнинг 9 октябрь куни Навоий вилоятидаги 4-сон жазони ижро этиш колониясида муқаддам тўрт маротаба судланган маҳкум Оятулло Махсумовнинг ўз жонига қасд қилгани ҳолати бўйича суриштирув махсус фильмини эълон қилганди. Унда марҳумнинг яқин қариндошлари, халқ вакили бўлган андижонлик депутат, Жазони ижро этиш департамени матбуот котиби Зойир Йўлдошев ҳамда инсон ҳуқуқлари фаоли Абдураҳмон Ташановдан фикр олинганди.

Кўп ўтмай  Омбудсман материалга расмий муносабат билдириб, журналистни “ҳолатни яхши ўрганмаганлик”да, “холислик тамойили бузилганлик”да, “Эзгулик” жамияти раиси Ташановни эса “асоссиз хабарлар тарқатиш”да айблаганди.

 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

219

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг